Покистонда умумхалқ сайловларига овоз берилди

Image caption "Биз ислоҳотларни хоҳлаймиз. Халқ учун ҳеч нарса қилмайдиган бир хил одамлардан чарчадик", дейишмоқда сайловчилар.

Бу мамлакатнинг 66 йиллик тарихидаги биринчи демократик сайловлар бўлиши кутилмоқда.

Овоз бериш натижасида ҳокимият бир фуқаролик ҳукуматидан бошқасига топширилади.

Зўравонликлар билан кузатилган сайловолди кампаниясидан сўнг Покистондаги парламент сайловида мамлакатнинг ўнлаб миллион аҳолиси қатнашмоқда. Бироқ сайлов маъсулларига кўра, сайловчиларнинг иштироки "руҳлантирувчи" бўлган. Шу мақсадда 11 май куни эрталабдан сайлов масканларида навбатлар пайдо бўлган.

Исломобод четидаги қишлоқда овоз беришни кузатиш учун борган ВВС мухбири Майк Вулдриж бу ерда 4000 киши рўйхатга олинганини ва узун навбатнинг гувоҳи бўлганини айтади.

Мухбиримиз сиз нима учун овоз бериш учун келдингиз, деб одамлардан сўраган.

"Ҳамма қўрқитишларга қарамасдан, мен овоз бериш учун бораман. Мен Покистон учун, келажак авлод учун ўзимнинг овозимни албатта бераман", деб айтган бу киши.

"Портлаш ёки бошқа нарсаларга қарамасдан мен овоз бераман. Овоз бериш - бу менинг ҳуқуқим. Мен Покистоннинг бошидаги муаммолари ҳал бўлиши учун овоз бераман", деб айтган бошқа бир покистонлик.

Сайловларда собиқ бош вазир Навоз Шарифнинг Покистон мусулмонлар лигаси кўп овоз олиши башорат қилинмоқда. Танқидчилар Мусулмонлар лигасини исломий радикал гуруҳлар билан алоқаси борлигини айтиб келишади.

Покистон мусулмонлар лигасининг асосий рақиби мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш ва дунёвий давлат тузишни ваъда қилаётган Имрон хоннинг партияси ҳисобланади.

Портлашлар

Бироқ сайловлар жараёнига эрталабдан уюштирилган портлашлар соя солган.

Овоз бериш кунида ҳам қон тўкилган. Карачи полициясига кўра, Халқ Партияси идораси ташқарисидаги портлашда 11 инсон ҳалок бўлган, 40 дан ортиқ киши яраланган.

Ҳужумларга масъулиятни Толибон ўз зиммасига олган.

Бундан олдин ўн минглаб ҳарбийлар Покистон Толибони портлашлар билан таҳдид қилганидан сўнг сайлов масканларига жойлаштирилган.

Апрел ойидан бошлаб мамлакатда вазият таранглашгани кузатилган. Олдинроқ Толибон бўлажак сайловларни "ноисломий", деб атаб, уни бойқот қилишга чақирган эди.

Сайлов кампанияси давомида мамлакатда ислоҳотлар ўтказишни ваъда қилаётган партия вакиллари ва тарафдорларига исломийлар томонидан бир неча бор ҳужумлар уюштирилган.

Оқибатда партия раҳбарлари оммавий намойишларни бекор қилиб, кичикроқ тарғибот йиғилишларини ўтказиш билан чекланишларига тўғри келди.

Associated Pressнинг хабар қилишича, Покистондаги сайлов жараёнлари давомида уюштирилган террорчилик ҳужумларида 130 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Сайловлар олдидан Покистон Эрон ва Афғонистон билан чегараларини ёпганини маълум қилди.

Расмийларнинг айтишича, уч кун давомида чегаралар ёпиқ қолади.

Сайлов масканлари маҳаллий вақт билан кечки соат 5 да ўз ишини якунлаши мўлжалланган бўлсада, хабарларга кўра, сайловчилар оқимининг кўплиги сабабли овоз бериш кечки 18.00 гача давом этган.

Дастлабки натижалар маҳаллий вақт билан 22.00 да чиқиши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ