Анжелина Жоли қўшалоқ саратон хасталигидан фориғ бўлмоқчи

Image caption 37 ёшли Анжелина Жоли юлдуз кино актриса бўлиш билан бирга 6 фарзанднинг онаси ҳамдир

Кўкрак саратонига чалиниши хавфини камайтириш учун жарроҳлар Ҳолливуд юлдузининг кўкрак безларини олиб ташлашган.

Бу ҳақда Американинг "New York Times" газетасида чоп этилган мақола тафсилотларидан аён бўлган.

37 ёшли Анжелина Жоли юлдуз киноактриса бўлиш билан бирга 6 фарзанднинг онаси ҳамдир.

Анжелинанинг сўзларидан аён бўлишича, шифокорлар унга кўкрак саратони хасталигига чалиниши хавфи 87%, тухумдон саратони билан оғриши эҳтимоли эса, 50 фоиз эканини айтишган.

Унга кўра, шифокорларнинг бу каби ташхислари ортидан жарроҳлик столига ётишга қарор қилган.

"Мен аввалдан хавфнинг олдиниш олиш ва саратонга чалинишим эҳтимолини кескин камайтиришга аҳд қилдим", деб айтган Анжелина Жоли.

Таниқли актрисага кўра, феврал ойида бошланган тиббий муолажалари май ойига қадар давом этган.

"Онадан болага"ми?

Анжелина Жолининг "Менинг тиббий танловим" деб номланувчи мақолада айтишича, онаси 10 йил кўкрак саратони билан оғриб, 56 ёшида ҳаётдан кўз юмган.

Унга кўра, болаларини саратон ўзини ҳам бевақт дунёдан олиб кетмаслигига ишонтирмоқчи, уларга тасалли бермоқчи бўлган.

"Мен ҳақиқатан ҳам "нуқсонли" BRCA1 генининг ташувчиси ҳисобланаман. Бу ген эса, кўкрак бези ва тухумдон саратонига чалиниш хавфини кескин оширади", деб айтган актриса.

Хавфнинг қанчалар жиддий эканидан хабар топгач эса, Анжелина Жоли кўкрак безларини олдириб ташлаб, имплант ёрдамида уларни қайта тиклашга қаратилган икки ойлик муолажалардан ўтишга қарор қилади.

Унинг айтишича, жарроҳлик амалиётларини ортидан ўзининг кўкрак саратонига чалиниш хавфи 87 фоиздан 5 фоизга камайган.

'Мен сендан миннатдорман'

Image caption Анжелина Жоли оғир кунларида кўрсатган меҳр-муҳаббати ва қўллови учун ҳаёт йўлдоши Брад Питтга ўз миннатдорчилигини ҳам изҳор этган

Анжелина Жоли оғир кунларида кўрсатган меҳр-муҳаббати ва қўллови учун ҳаёт йўлдоши Брад Питтга ўз миннатдорчилигини ҳам изҳор этган.

"Мен оғир қарор қабул қилдим, аммо бу - менинг аёллик нафосатимга ҳеч бир таъсир қилмаслигига ишончим комил", деб айтган актриса.

"Ушбу мақолани ўқиган ҳар қандай аёл бошига не куй тушишидан қатъиназар, албатта ундан чиқиб кетиш йўли борлигини билади".

"Мен барча хотин-қизларни, айниқса, оиласида кимдир кўкрак ёки тухумдон саратони билан оғриганларини қўрқмасдан ўзларига ёрдам бериши мумкин бўлган мутахассисга мурожаат этишлари ва онгли қарор беришга даъват этаман", дейди у.

Фуқаровий никоҳда бўлишмаса-да, Анжелина Жоли Брэд Питт билан 2005 йилдан буён бирга умргўзаронлик қилиб келишади.

Икковлон ўзларининг инсонпарварлик фаолиятлари билан ҳам яхши танилишган.

Жумладан, Анжелина Жоли 2001 йилда Бирлашган Миллатлар Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Тинчлик элчиси этиб тайинланган.

Ҳолливуд юлдузи "Жоли-Питт" жамғармаси дохил қатор хайрия ташкилотларига ҳам асос солган.

Бу мавзуда батафсилроқ