Бирма ғарбида Роханг мусулмонлари тушган қайиқ чўкиб кетди

Image caption Ўтган йилги зўравонликлар ортидан ўн минглаб Роханг мусулмонлари муваққат жамлоқларда истиқомат қилиб келишади

Ёрдам агентликлари хабар қилишларича, Бирма ғарбида Роханг мусулмонларини олиб кетаётган қайиқ чўкиб кетган.

Ҳалокат юз берган маҳал қайиқда 200га яқин йўловчилар бўлган.

Ҳодиса душанба кечаси Ракхайн штатининг Паукто шаҳарчаси яқинида юз бергани, номаълум сондаги одамлар ҳали ҳануз бедарак эканлари айтилади.

Одамлар ҳафта охирида ҳудудда юз бериши кутилаётган Махасен циклони олди эвакуация қилинаётган бўлган.

Ўтган йилги зўравонликлар ортидан ўн минглаб Роханг мусулмонлари муваққат жамлоқларда истиқомат қилиб келишади.

БМТ кутилаётган тўфон олдидан минтақадаги инсонларни зудлик билан кўчиришга чақирганди.

Ташкилотнинг огоҳлантиришича, кўплаб бошпанасизлар тошқинлар ва сув сатҳи кўтарилишига ўхшаш ҳодисалар учун ўта хатарли бўлган пастқам соҳил бўйларидан қўним топишган.

'Қайиқ тошга урилган'

Ёрдам ташкилотларига кўра, 100-200 нафардан одам олган қайиқлар душанба кечаси йўлга тушишган.

Улардан бири ағдарилиб кетаркан, ўнлаб инсонлар бедарак қолмоқда.

БМТнинг Инсонпарварлик масалалари бўйича мувофиқлаштирувчиси Барбара Манзининг Би-би-сига айтишича, ҳозир қидирув ва қутқарув ишлари ташкил қилинган

Унга кўра, қайиқ, афтидан, тошга бориб урилган.

Бирма расмийлари одамларни ҳудуддан кўчириш ишларини жорий ҳафтадан бошлашган.

Олдинроқ, қўшни Бангладешни қаърига тортиши эҳтимоли бўлган циклон Бирма ғарбига ҳам кучли ёғингарчилик ва сув тошқинлари олиб келиши эҳтимолидан огоҳлантирилганди.

Кўмак ташкилотлари бундан Ракхайн штатидаги вақтинчалик чодирларда жон сақлаётган 140 минг атрофидаги бошпанасизлар азият чекишлари мумкинлигини айтишади.

Улар 2012 йил июн ва октябр ойларида Ракхайн мусулмонлари ва буддавийлари ўртасида кечган зўравонликлар ортидан уй-жойсиз қолишган.

"Ҳукумат Ракхайн штатидаги бошпанасизлар муаммосини ҳал этишга қаратилган дастур ишлаб чиқиш юзасидан қайта-қайта огоҳлантирилди", дейди Халқаро Амнести ташкилотидан Изабел Аррадон.

"Энди зудлик билан ёрдам кўрсатилмаса, минглаб инсонлар ҳаёти қил устида турибди", дея қўшимча қилади у.

Ҳюман Райтс Уотчдан Брад Адамсга кўра эса, Бирма ҳукумати хатар остида қолганларни эвакуация қилиш масаласида муваффақиятсиз иш олиб борган.

Аммо, айрим одамларнинг ўзлари бошқа бош урар жойлари йўқлигидан қўрқиб, ҳудудни тарк этишни исташмаган.

"Биз тўфондан жуда хавотирдамиз...ейишга етарли озиқ-овқатимиз йўқ", деб айтган Роханг жамоаси аъзоларидан бири.

"Кўплаб одамлар мушкулот қаршисида, аммо нима қилишни билмаймиз", дейди у.

НАСАнинг маълум қилишича, Махасен циклони душанба куни Шри Ланканинг шимоли-шарқида бўлган. Агентликка кўра, тўфон шимолга юрган сайин янада кучлироқ бўлиб боради.

Беш йил муқаддам Наргис циклони Бирманинг Ирравадди дарёси яқинидаги ҳудудларга келиб уриларкан, камида 140 минг инсон нобуд бўлган ва уч миллионга яқин киши фавқулодда ёрдамга мухтож қолганди.

Бу мавзуда батафсилроқ