Россия хавфсизлик хизмати: "Америка жосусини ушладик"

Image caption АҚШ элчилиги хабарга муносабат билдирмади

Россия матбуотининг хабар қилишича, Москвада рус жосусларидан бирини ёллашга уринганлик Марказий Жосуслик Бюроси агенти қисқа муддат ҳибс қилинган.

Россия Федерал Хавфсизлик Хизматига кўра, гумондор Қўшма Штатлар расмийларига топширилгунга қадар тун бўйи ушлаб турилган.

Айни пайтда АҚШ элчихонаси ходими сифатида фаолият олиб борган ушбу шахснинг юзини ерга қаратиб турган фотосуратлари ҳам пайдо бўлган.

Американинг Москвадаги элчиси Майкл Макфол эса, Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.

Хабар қилинишича, гумондор катта миқдорда нақд пул, техник ускуналар ва ёзма кўрсатмалар билан қўлга олинган.

Бу ашёлар бари у ёллашга уринган агент учун бўлгани айтилади.

Исми шарифи Фогл Райан Кристофер дейилаётган жосус Қўшма Штатлар элчихонасида учинчи сиёсий котиб сифатида фаолият олиб борган.

АҚШ элчилиги ушбу хабарга ҳозирча муносабат билдирмаган.

Аммо, жаноб Фогл қўлга олинган пайти дея тушунилган фотосуратлар Россия матбуоти вебсаҳифаларида чоп этилган.

Россия ва АҚШ Бостон марафони пайти юз берган портлашлар ортидан хавфсизлик масаласида ҳамкорликни кучайтириш истагида эканларини билдиришганди.

Би-би-си мухбирига кўра, Суриядаги инқироз боис АҚШ-Россия муносабатлари ўта нозик паллада турган эса-да, ФСБнинг Марказий Жосуслик Бюроси агентини фош этгани борасидаги даъволари узоқ муддатли сиёсий оқибатларга етаклайдиган кўринмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ