Франция иқтисоди рецессияга кирган

Image caption Францияда ишсизлик даражаси яқин келажакда янада ёмонлашиши кутилади

Франция ўз иқтисоди жорий йилнинг биринчи чорагида 0.2 фоизга қисқариши ортидан рецессияга кирган. Бу Францияда тўрт йил ичида юз бераётган иккинчи рецессиядир.

Унинг иқтисоди 2012 йилнинг охирги чорагида айни миқдорга қисқарганди. Иқтисод кейинма-кетин икки чорак мобайнида қисқарса, бу рецессия ҳисобланади.

Францияда рекорд даражада ишсизлик юзага келган, бизнеслар ва истеъмолчиларнинг ўзига ишончи тушиб кетган.

Олмония иқтисоди бўйича ошкор қилинган кўрсаткичларга кўра, Олмония иқтисоди биринчи чоракда атиги 0.1 фоизга ўсган ва Евро ҳудудидаги энг қудратли иқтисод бўлиб қолмоқда.

Франция Иккинчи Жаҳон Урушидан бери энг ёмон саналган рецессияга 2009 йилда кирган.

Охирги янгилик Франсуа Оллонд президент бўлиб қасамёд келтирганининг бир йиллик санасида юзага чиқмоқда.

Ой бошида Оврўпо Комиссияси Франция бу йил рецессияга кириши ва Евро ҳудуди иқтисоди 0.4 фоизга қисқаришини айтиб огоҳлантирганди.

Оврўпо Марказий Банки ўзининг охирги мажлисида иқтисод ўсишини рағбатлантириш учун фоиз кўрсаткичларини мисли кўрилмаган 0.5 фоизга туширганди.

Францияда ишсизлик даражаси ҳозирда 10.6% бўлиб, келгуси йил янада ошиши кутилади.

Ундаги дефицит ҳам кескин ўсиши кутилади. Комиссияга кўра, дефицит Ялпи ички маҳсулотнинг 3.9 фоизини ташкил қилиши мумкин.

Бироқ, Франциядаги ишсизлик даражаси барибир Евро ҳудуди белгилаган 11.4%дан оз бўлиб қолаётир. Юнонистон ва Испанияда ишсизлик 27 фоизга етиши кутилади.

Олмониядаги ўсиш кўрсаткичларидан Евро раҳбариятининг ҳафсаласи пир бўлган. Иқтисодчилар биринчи чоракда 0.3% ўсишни кутгандилар.

Статистика идораси чиқарган баёнотда иқтисод сусайишига қаҳратон қиш сабаб бўлгани айтилади. "Олмон иқтисоди яна ўзини тиклаб олаяпти. Экстремал ҳаво шароитлари бу суст ўсишда ўз ролини ўйнади", - дейилади баёнотда.