Москва жосус иши бўйича АҚШ элчисини чақиртирди

Image caption Фоглнинг ҳибсга олиниши матбуот орқали тарқатилди

АҚШнинг Москвадаги элчиси Россия ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан учрашиб, россиялик агентни ишга ёллашга уринганликда айбланган америкалик дипломат ишини муҳокама қилган.

Элчи Майкл Макфол сешанба куни Россия "провокацион амаллар"и учун Раян Фоглни ҳибсга олганини айтиши ортидан вазирликка чақирилган.

Жаноб Фогл "персона нон грата" дея эълон қилинган ва мамлакатни тарк этиши буюрилган.

"Бу ҳодиса Россия ва АҚШ ўртасидаги ўзаро ишончни кучайтиришга ёрдам бергани йўқ", - деб айтган Президент Владимир Путиннинг воизи.

Бироқ, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров сешанба куни Швециядаги анжуман доирасида АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан учрашганида бу масалани кўтармаганини билдирди.

"Мен бу ҳақида сўзлашиш ошиқча бўлади деб ўйладим, чунки иш аллақачон оммага аён бўлди ва ҳамма тарафлар ҳамма нарсани тушуниб туришибди", - деб айтган жаноб Лавров вазирликнинг веб хабарида.

Элчи Ташқи ишлар вазирлигида чоршанба куни 30 дақиқалик учрашувда бўлган, бироқ ундан сўнг ҳеч қандай шарҳ бермаган.

"Қўшимча ҳақ"

Жаноб Фогл Марказий жосуслик агентлигининг агенти бўлгани ва Москвадаги АҚШ элчихонасида учинчи сиёсий котиб бўлиб ишлаб келгани ишонилади.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати душанба оқшомида америкалик дипломатни қўлга олгани, ҳамда тун оша ушлаб туриши ортидан АҚШ расмийларига топширганини билдирган.

АҚШ Давлат департаменти ҳибсни тасдиқлади.

Қўлга олинганида жаноб Фогл сариқ парик кийиб олган бўлган. Унинг ёнида катта миқдорда пул, техник жиҳозлар ва россиялик агент учун мўлжалланган ёзма йўл-йўриқлар бўлгани даъво қилинган.

Унинг қўлга олиниши ва гўёки ёнидан топилган жиҳозлар суратлари Россия матбуотида кенг тарқатилган.

Давлат телевидениеси, шунингдек, жаноб Фоглнинг рус агентига мўлжалланган хатини намойиш қилган.

Ёлланиши кутилган агентни "Қадрли дўстим" деб атайдиган мактуб унга "узоқ муддатли ҳамкорлик учун 1 миллион доллар, ҳамда фойдали маълумот олсак, қўшимча бонуслар"ни таклиф қилади.

Мухбирларга кўра, мазкур ҳодиса узоқ муддатли сиёсий оқибатларга эга бўлиши мумкин, чунки Вашингтон ҳам, Москва ҳам шпионаж Совуқ уруш билан якун топмаганини биладилар.

Лекин, айни дамда, бу иш Сурия борасидаги нозик дипломатияни олиб бораётган ва ўзаро совуқлашган алоқаларни илитиш учун эҳтиёткорона қадамлар ташлаётган Россия ва АҚШ ўртасида ноқулай муҳитни юзага келтиради.

Икки давлат ўртасидаги охирги йирик шпионаж иши 2010 йилда юз берганди. Унда 10 киши Россия манфаатига АҚШда жосуслик қилиш айбига иқрор бўлгандилар.

Бу 10 киши сўнгра Россияда АҚШ учун жосуслик қилишда айбланган тўрт тутқунга алмаштирилганди. Бу алмашув Совуқ уруш тугаганидан бери энг катта жосуслар алмашуви бўлган.