Британия жануби-ғарбида қор ёққан

Image caption Принстаунда ёққан қор бир неча дарахтларни қулатди

Британия жануби-ғарбидаги Девон графлигида қор ёғиши май ойи учун ноодатий дея баҳоланмоқда.

Британиянинг жануби-ғарбий қирғоқларига соатига 100 километр тезликда шамол келиб урилиши оқибатида бир неча дарахтлар қулаб, йўлларни тўсиб қолган.

Расмий маълумотга кўра, Девонга қўшни Корнвол графлигида тун оша электр таъминоти узилиши билан минглаб уйлар ҳозиргача чироқсиз қолишмоқда.

Мамлакат ғарбидаги Шропшир графлигига ҳам тун оша 5 сантиметр қор ёққан. Маҳаллий аҳоли сув тошқинларига тайёрланиш бўйича огоҳлантирилган.

Душанба куни ёққан жала ёмғир ортидан Девон ва Корнвол ҳам тошқинлар борасида огоҳлантирилган.

Би-би-си Радио Девонга гапирган Принстаун шаҳри яшовчиси Шийла Коутс: "Бу даҳшат. Кеча ухлашимдан олдин қарасам, деразамни қор қоплаб олганди. Бутун умримни шу ерда ўтказганман, лекин йилнинг бу даврида бундай ҳавони ҳеч кўрмаганман", - деди.

МетеоГруп ташкилотининг об-ҳавони башорат қилиш бўйича эксперти Пол Мот мазкур ҳаво бу мавсум учун анча ғайриоддий эканини айтди.

Унга кўра, Англиянинг қатор ҳудудларидаги чуқур паст босим совуқ ҳавони келтириб чиқарган. Шамол чоршанба куни давомида сусайиши ва ҳафта охирига бориб ҳаво бироз илиши кутилади.