Сурия инқирози: Би-би-сига "кимёвий қурол ишлатилгани ҳақида" кўрсатишди

Image caption Апрел ойида Сарақиб шаҳрида қақшатқич жанглар бўлган.

Сурияга қилган сафари вақти Би-Би-Си мухбирига Ҳалаб(Алеппо) шаҳридан жануби-ғарбда жойлашган Сарақиб шаҳарчасида гўёки кимёвий қурол ишлатилганини тасдиқлайдиган далилларни кўрсатишган.

Кимёвий ҳужумга гувоҳ бўлган деб тахмин қилинаётганларнинг журналистга гапириб беришича, шаҳарга улар ҳукуматники деб айтган тикучарлардан заҳарли газ солинган камида икки портловчи ускуна яъни тахминлар бўйича, кимёвий қурол ташланган.

Лекин ҳарбий тикучар айнан кимга тегишли: ҳукумат қўшинларигами ё исёнчи гуруҳларгами?- буниси номаълум. Сурия исёнчилари бундан олдин бир нечта ҳарбий база ва аэродромларни қўлга олишган, лекин улар кимёвий қурол ҳукумат томонидан ишга солинганини иддао қилиб келишади.

Сурия ҳукумати ҳам бирор бир кимёвий восита ишлатилганини қатъиян рад қилмоқда.

АҚШ воқеанинг бу тарзда ривожланиши "қизил чизиқ" ҳисобланиб, мамлакатга қўшин киритилишига олиб келиши билан огоҳлантирган эди.

Бироқ Президент Обама Америка разведкаси ихтиёрида Сурияда кимёвий қурол ишлатилганининг етарли аниқ далили йўқлигини билдирган.

Бўғувчи ҳид ниманинг аломати?

Апрел ойида Сарақиб артиллерия ҳужумига тутилганидан сўнг, саккиз кишида нафас олиш билан муаммолар пайдо бўлганини маҳаллий шифокорлар Би-Би-Си мухбири билан учрашганда айтиб беришган.

Уларнинг сўзларига кўра, баъзи бир мижозларда кўнгил айнаши, баъзиларида қорачиғлар торайгани кузатилган. Битта аёл вафот этган.

Марям Хатиб исмли у аёлнинг Муҳаммад деган ўғли онасини қутқаришга уриниб ўзи ҳам заҳарланган.

"Даҳшатли, бўғувчи ҳид туриб қолганди. Нафас олиш жуда қийин эди. Мен ўзимни ўлик ҳисоблай бошладим. Уч ёки тўрт кундан кейин мен ҳеч нарсани кўрмадим",- деб айтган Муҳаммад Хатиб мухбирга.

Марям Хатибга қараган шифокорга кўра, аёлда фосфорорганик қоришмадан заҳарланишнинг барча белгилари бўлган. Буни текшириш учун керакли намуналар экспертизага жўнатилди", - дейди шифокор.

Би-Би-Си мухбири шунингдек ўзига шаҳарни бомбардимон қилингани ва унинг оқибатлари туширилган видеолавҳалар ҳам кўрсатишганини айтган. Лекин мухбирда лавҳанинг ҳақиқийлигини текшириш имкони бўлмаган.

Илгари кимёвий, биологик ва радиацион назорат полкида командир бўлиб хизмат қилган Британия қуруқликдаги кучлари зобити Хамиш де Бреттон Гордонга кўра, Сарақибда олинган далил ва гувоҳликлар "кучли, лекин тўлиқ бўлмаган маълумотлардир".

Жаноб Гордон Сарақиб ва Суриянинг бошқа ерларида "одамлар тахмин қилинишича, зарин ёки фосфорорганик ишлатилганида намоён бўладиган белгилар билан касалланиб, вафот этишган", деган.

Британия зобитининг ўзи воқеа жойида бўлмаган, лекин унда Би-Би-Си томонидан йиғилган маълумотлар билан тўлиқ танишиш имкони бўлган.

Айни пайтда Сурия можаросида иккала томон: ҳукумат кучлари ва жангарилар бир-бирларини кимёвий қурол ишлатганликда айбламоқда.

Би-Би-Си мухбирининг айтишича, воқеадан жабр кўрганлар ва қурбонларнинг танасидан олинган намуналар Америка, Британия, Франция, Туркияга текшириш учун жўнатилган.

Бу мавзуда батафсилроқ