'Аёл киши президент бўлолмайди'

Image caption Эрон Инқилоб Кенгаши июн ойидаги президентлик сайловида аёл номзод қатнаша олмаслигини айтган

Эроннинг Инқилоб Кенгаши уламоси Муҳаммад Яздий президентлик сайловида аёл киши номзоди қўйилишини бутунлай эҳтимолдан соқит қилди.

Ҳозиргача 30 нафар эронлик аёл келаси 14 июн куни кутилаётган президентлик сайловида қатнашиш учун ўз номзодларини рўйхатдан ўтказишган.

Аммо “шариат асосларига мувофиқ бир тўхттамга келганини” айтаётган Инқилоб Кенгаши аёл кишининг президентлик учун курашишини тақиқлади.

Кузатувчиларга кўра, Эрон конституцияси аёлларнинг президентлик ўрни учун курашиш ҳуқуқи борасида аниқ ва узил-кесил жавоб бермайди.

Аммо ҳозирги қарор ушбу масалада давом этиб келаётган баҳсларга нуқта қўяди.

Расмий доираларга яқин “Меҳр” агентлиги жаноб Яздийдан иқтибос келтираркан, “қонун президентлик курсисида аёл киши ўтиришини ёқламайди” деб ёзган.

Ўзига хос демократик тамойиллар ишлайдиган Эрон Ислом Жумҳуриятида аёллар парламент вакили сифатида сайланиши мумкин.

Шунингдек, мамлакат қонунларини яратиш, ислоҳ этиш ва тасдиқлашда муҳим ўрин тутувчи фиқҳшунослар орасида ҳам аёллар бор.

Аллақачон икки муҳлатга сайланган президент Маҳмуд Аҳмадинежод эса конституцияга қарши боролмайди ва учинчи муддатга президент бўлиб сайланиш учун ўз номзодини илгари сура олмайди.

Ҳозир Эрон президенти бўлишни истаётган 700 нафарга яқин номзод рўйхатга олинган.

Аммо келаси сешанба куни эълон қилинажак якуний номзодлар рўйхати бармоқ билан санарли бир нечта номзодни тасдиқлайди, холос.

Ўтган 2009 йилги президентлик сайловида 475 нафар шахс ўз номзодини рўйхатга қўйган, лекин Инқилоб Кенгаши фақат тўрт номзоднинг президентлик курсиси учун курашишига изн берганди.

Муддати тугаб кетаётган президент Маҳмуд Аҳмадинежод ўшанда кичик фарқ билан ғалаба қозонган, лекин бу натижанинг ҳақиқийлигига шубҳа қилган минглаб сайловчилар ва мухолифат тарафдорлари узоқ муддат норозилик намойишлари ўтказишганди.

Ўшандан бери икки ислоҳотпарвар рақиб номзод Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳди Каррубийлар уй қамоғида қолишмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ