"Россия Сурияга мукаммал қуроллар жўнатмоқда"

Хабарларга кўра, Россия Сурияга "Яхонт" русумидаги ракетларнинг навбатдаги сонини етказган.

Россия Ташқи Ишлар вазирлиги бу хабар тафсилотларини ошкор этмаган, аммо бу қуроллар ҳеч қандай халқаро қонунларга зид эмаслигини билдирган.

Охирги вақтларда Сурияда кимёвий қуроллар ишга солинган бўлиши мумкинлиги борасида хавотирлар кучайиб бормоқда эди.

Россия жорий Сурия ҳукуматига хайрихоҳ бўлган атиги бир ҳовуч давлатлар орасидадир.

Йиллар мобайнида Россия Сурияга миллиардлаб долларга тенг танк, артиллерия замбараклари, учоқлар ва бошқа турдаги қурол-яроғларни сотиб келган.

"Нью Йорк Таймс" рўзномасида чоп этилган маълумотларга кўра, Россиядан Сурияга жўнатилган охирги қурол-яроғ контейнерида узунлиги 6.7 метр бўлган ва 290 км узоқликка етиб бориши мувмкин бўлган "Яхонт" русумидаги ракетлар ҳам бор.

Тезлиги овоз тезлигидан ҳам кўп бўлган "Яхонт" ракетлари радар орқали бошқарилади ва асосан кемаларга қарши ишлатилади.

АҚШ матбуотига кўра, бу ракеталар Ассад ҳукумати учун рақиб денгиз кучларини Сурия қирғоқларидан узоқда ушлашга ёрдам беради.

Агарда Россиядан бу каби ракетлар олиб келинганлиги тасдиқланса амалда аҳамиятининг талқини ўзгачароқ бўлиши мукмин.

Бу Россия Ливиядаги сингари Сурияда ҳам хорижий аралашув бўлишига ҳануз мутлақо қарши эканлигини англатади.

Охирги кунларда Ўрта Ер денгизида Россия денгиз кучларининг пайдо бўлиши бу талқинни қўлловчи омилдир.

Бошқа томондан бу ракеталарнинг Суриядаги "Ҳезбуллоҳ" гуруҳи қўлига тушиб қолиши хавфи ҳам борки, бу ҳолда Исроилнинг Сурияга қарши ҳужумларига туртки бериши мумкиндир.

"Нъю Йорк Таймс" рўзномасига кўра, Сурия 71 та "Яхонт" ракетасига буюртмани 2007 йили берган ва уларнинг дастлабкилари 2011 йили етиб келган.

Лекин Сурияга охирги етиб келган ракеталар анчайин мукаммал шаклдаги ракеталардир.

Россия Ташқи Ишлар вазирига кўра, Сурияга мавжуд контрактлар асосида қурол етказиб берилаётгани ҳеч қачон сир бўлмаган ва матбуот бунинг атрофида кераксиз шов-шув ясаши керак эмас.

Сурияга қурол етказиб беришда давом этаётганига қарамай Россия охирги ҳафталарда қатор жаҳон раҳбарларини таклиф қилиб, Суриядаги можарога чек қўйиш йўлларини мухокама қилган.

Жаҳон раҳбарларининг Россияга бу масалада ташрифлари эса улар Сурия чигалини ечишда Москва асосий роллардан бирини ўйнашига ишонишларидир.

Айни вақтда Суриядаги можарони муҳокама қилувчи халқаро анжуманни ўтказиш борасида ҳаракатлар давом этмоқда.

БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун Сочи шаҳрида Россия Ташқи Ишлар вазири Лавров билан учрашиб, Сурия мухолифати ва Башар Ал Ассад ҳукумати вакилларини музокаралар столи атрофига олиб келишни мақсад қилиб қўйган халқаро анжуман кун тартибини муҳокама қилди.

БМТ Қочқинлар Агентлиги шу вақтгача Суриядан 1 ярим миллион киши бош олиб чиққанлигини қайд қилган.