Тбилисида ҳамжинсбозлар билан дин вакиллари тўқнашдилар

Гуржистон матбуотининг хабар беришича, пойтахт Тбилисида намойишга чиққан турфа турдаги ҳамжинс фаоллар билан православ руҳонийлар ўртасида тўқнашув рўй берган.

Дин вакиллари намойишчиларни ўраб олган полициялар қаторини бузиб кириб, ҳамжинсларни қувиб солишга ҳаракат қилганлар.

Шундан сўнг полиция ҳамжинс фаолларни автобусларга солиб, олиб кетганлар.

Ўртадаги тўқнашувларда бир журналист ва бир полиция ходимининг жароҳат олгани айтилмоқда.

"Имеди" телевидениесининг хабар беришича, дин вакилларидан қочиб, автобусларга ўтира олмай қолган ҳамжинслар ён атрофдаги кўчаларга қочиб, жон сақлашга мажбур бўлганлар.

Тбилисидаги Би-би-си мухбирининг хабар беришича, ҳамжинс фаоллар гомофобияга қарши Халқаро кунда "флешмоб" шаклида чиқиш қилмоқчи бўлганлар. Лекин бунинг ўрнига шаҳар маркази ушбу чиқишга қарши бўлганлар билан тўлди.

"Гей-парад"га қарши чиққанлар орасида бўлган Илья Малазониянинг айтишича, ҳамжинсларнинг намойишга чиқишлари ўз ҳаёт тарзларининг тарғиботидир.

"Улар уйда ўтириб, кўчада бу каби амалларни қилмасинлар. Бу миллатни очиқчасига бузишдир", деди Илья Малазония.

Ўтган йили ҳам Тбилисида ҳамжинсбозларнинг кўчага чиқиб намойиш ўтказишга уринишлари уларга қарши бўлган ёшлар билан тўқнашувга олиб келганди.

Айни вақтда Оврўпо Иттифоқи жинсий озчиликларга қарши гомофобик ҳужумлар суръати ҳануз баландлиги ҳақида ҳисобот чиқариб, бунга қарши чоралар йўлга қўйилишига даъват қилган.

Оврўпо Иттифоқи Ҳуқуқ Агентлиги томонидан ўтказилган тадқиқотлар сўралган ҳамжинсбозлардан чораги турли ҳужум ва тазйиқларга учрганликларини кўрсатган.

17 май гомофобияга қарши кураш куни жаҳоннинг кўплаб шаҳарларида фаоллар намойишлари бўлиб ўтган.

Санкт-Петербург шаҳрида ҳам 60 га яқин ҳамжинс фаоллар намойишга чиқишган. Лекин уларга қарши чиққанлар сони уч баробар кўп бўлган.

Москва шаҳар ҳокимиятига ҳам намойиш ўтказиш борасида ариза келиб тушган, лекин расмийлар гей-параднинг ўтказилишига рухсат бермаганлар.

Фаолларга кўра, Россияда гомофобия даражаси Шўролар даврига қараганда яхшиланган бўлса ҳам ҳануз Оврўпо давлатларидан кўра баландроқдир.

Бу мавзуда батафсилроқ