"Овронигоҳ"ғолиби Андерсен эртак қаҳрамони қиёфасида намоён бўлди

Image caption Даниялик қўшиқчи Эмили де Форест ҳайъат аъзолари ва телетомошабинларнинг меҳрини қозониб "Овронигоҳ"ғолибига айланди.

Олдиндан башорат қилинганидек, Швециянинг Мальмё шаҳрида бўлиб ўтган "Овронигоҳ-2013" қўшиқ танловининг ғолиби даниялик Эмили де Форест бўлди.

Даниялик Русалка "Only teardrops" қўшиғи билан танлов ҳайъати аъзолари ва 39 мамлакат телетомошабинлари берган овозга кўра 281 балл тўплади.

Шу тариқа, "Овронигоҳ-2014" Мальмёга қўшни бўлган Копенгаген шаҳрида ўтказилади.

Саҳнага яланг оёқда чиқиши билан танилган 20 ёшли де Форест Ҳанс Христиан Андерсен қаҳрамони қиёфасида намоён бўлиб, севги ҳақида қўшиқ куйлади. Оврўполик кузатувчиларнинг фикрига кўра, унинг қўшиғи "Овронигоҳ"нинг барча шартларига жавоб берадиган хит-фолк бўлиб, флейта ва барабан овозлари жўрлигида куйланган. Бошловчилар айтишича, де Форест ўзининг маъсумалиги, энг гўзал туйғунинг кучини нафис ва юқори пардаларда маҳорат билан етказиб бера олгани билан томошабинларнинг меҳрини қозонган.

Даниялик ва швед оиласида дунёга келган де Форест швед тилини жуда яхши билгани боис, унинг қўшиғи Швецияда тезда оммалашган ва одамларнинг муҳаббатига сазовор бўлган. Тўрт ёшидан қўшиқ куйлаган Эмилини услуби ва кўриниши жиҳатидан машҳур қўшиқчи Шакирага қиёслашмоқда.

"Овронигоҳ"нинг бошқа қаҳрамонлари

Иккинчи ва учинчи ўринлар собиқ Иттифоқ давлатларидан борган қўшиқчиларга насиб қилди.

Озарбайжонлик Фарид Мамедов 234 балл, украиналик Злата Огневич 214 балл тўплашга муваффақ бўлишди. Ғолибликка яна бир даъвогар саналган норвегиялик Маргарет Бергер тўртинчи ўрин билан кифояланди.

Россиялик Дина Гариповага бошидан бешинчи ўрин башорат қилиб келинаётган эди. "Голос" танловининг ғолиби "What If" ("Нима, агарда")қўшиғи билан юқори бешликдан жой олди.

Россиялик мутахассисларнинг фикрича, Дина Гарипованинг танловда ғолиб чиқмаганига сабаб унинг қўшиғи "Овронигоҳ қолипига мос келмагани"дир. Шу билан бирга у жуда оддий кийинган ва саҳнада деярли қимирламаган. Лекин Дина Гарипованинг ижросига интернет тармоқларида илиқ фикрлар билдирилмоқда.

Танловнинг энг кекса қатнашчиларидан, 1980 йилларда машҳур бўлган британиялик Бони Тайлер 26 қўшиқчи орасида 19-қаторни эгаллади.

"Овронигоҳ" танлови дунёда энг томошабоп тадбирлардан биридир. Шоу ўтказиладиган вақт жонли эфирдан ҳар йили 600 миллион киши томоша қилади.

Лекин танловнинг оммабоплигига қарамасдан, шу пайтгача қатнашганлар орасидан Швециянинг "АББА" гуруҳи ва асли канадалик Селин Дион "юлдуз" сифатида танилишган холос.

"Овронигоҳ"ни ўтказиш ғояси биринчи бор швед телевидениеси раҳбари бўлган Марсел Безансон томонидан илгари сурилган.1955 йил Римда бу таклиф маъқулланган. Танловда 16 ёшдан кичик бўлмаган қатнашчи фақат янги қўшиқ ва жонли ижро этиши лозим. Ҳозирга келиб иштирокчилар кўпроқ инглиз тилида куйлашни маъқул кўришади, 1998 йилгача эса мезбон мамлакат тилида куйланиши шарт ҳисобланган.

"Овронигоҳ"ни ташкил қилган ва асосий ҳомийлари бўлган беш давлат- Олмония, Франция, Британия, Италия ва Испания вакиллари финалда танловсиз иштирок этишади.

Кейинги пайтларда танловда"қўшнилар овози" кўп танқид қилинади. Яъни, томошабинлар қўшиққа эмас, бирор бир давлатнинг сиёсий ва тарихий ҳурматига қараб ижрочига баҳо бериши танловнинг аҳамиятини сусайтиради, деган фикрлар билдириб келинади.

Бу мавзуда батафсилроқ