Покистонда мухолиф партия етакчиларидан бири отиб кетилди

Image caption Қотиллик сайлов натижалари борасида баҳслар қизиган пайтда рўй берган.

"Покистон адолат учун ҳаракат" партияси вице-президенти Зуҳра Шоҳид Ҳусайн ўзининг Карачидаги уйи яқинида отиб ўлдирилган.

Ҳусайн хоним мансуб бўлган партия вакилига кўра, аёл ишга бориш учун уйдан чиққанида, унга мотоциклда келган уч эркак ҳужум қилишган.

Зуҳра Ҳусайн буни талончилик мақсадида деб ўйлаб, ҳужум қилганларга сумкасини узатган, бироқ улар аёлнинг бошига икки марта ўқ узишган. Аёл жароҳати туфайли касалхонага олиб борилгунча вафот этган.

Қотиллик сабаблари ҳозирча номаълум. Маҳаллий матбуот полицияга иқтибосан, қотиллик ўғирлик мақсадида содир этилган бўлиши мумкинлигини хабар берган. Бироқ партия раҳбари Имрон Хон етакчи сафдошининг ўлдирилишини террорчилик амали дея атаган.

Бу ерда ўтган ҳафтадаги парламент сайловида қаттиқ кураш кетган эди. Имрон Хон қотилликда Карачидаги кўп дастакка эга рақобатдаги "Бирлашган миллий ҳаракат" партияси раҳбари Алтаф Ҳусайнни айблаган. Имрон Хонга кўра, Лондонда ихтиёрий қочқинликда яшовчи Ҳусайн "Адолат учун ҳаракат"партияси вакилларига очиқчасига таҳдид қилган. Фирқа эса ушбу айбловни рад қилган ва туҳмат учун маҳкамага беришини билдирган.

Жаноб Хон ўзининг айбловини касалхонадан туриб баён этган. Имрон Хон сайловолди кампанияси пайти йиқилиб тушганидан буён шифохонада қолмоқда.

Зуҳра Шоҳид Ҳусайн

60 ёшли сиёсатчи, муқаддам университет профессори Зуҳра Шоҳид Ҳусайн Синд вилоятида партиянинг аёллар қанотига раҳбарлик ҳам қилган.

Ёшлар орасида тарафдорлари кўп бўлган "Адолат учун ҳаракат" партияси Ҳиндистондан Покистонга кўчиб келиб жойлашган урду тилли мусулмонлардан таркиб топган "Миллий ҳаракат " партиясини порахўрликда айблаб келади.

Карачидаги қотиллик Покистоннинг баъзи сайлов бўлимларида 19 май куни такрорий овоз бериш кутилаётган пайтда содир этилди.

Сайловлар ва қурбонлар

Қайта овоз бериш қарори ҳуқуқ фаолларининг баъзи сайлов масканларида қонунбузарликлар содир этилганини билдиришганидан кейин қабул қилинган.

11 майдаги сайловларда Карачидаги кўп овоз "Бирлашган миллий ҳаракат" ҳисобига тўғри келган, марҳум Зуҳра Шоҳиднинг сафдошлари рақиб партияни қонунбузарликларда ва сайловчиларни қўрқитишда айблаб, қайтадан овоз берилишига эришган эдилар.

Покистон Президенти Осиф Али Зардорий қотилликни қаттиқ қоралаган. Ҳукумат ҳодисадан сўнг якшанба кунги қайта сайлов бериш масканларига қўшимча ҳарбийлар жўнатишга қарор қилган.

Покистонда парламентга сайловлар 11 майда бўлиб ўтган, танқидчилар радикал исломийлар билан алоқада айблайдиган собиқ бош вазир Навоз Шарифнинг "Мусулмонлар лигаси" партияси катта фарқ билан ғалаба қозонган эди.

Собиқ крикетчи Имрон Хоннинг "Адолат учун" партияси Покистонда дунёвий давлат қуриш ғоясини тарафдоридир.

Сайловлар куни мамлакатнинг кўп ҳудудларида террорчилик ҳужумлари содир этилган, портлашларда 24 киши қурбон бўлган.

Ҳужумларга масъулият Толибон зиммасида деб кўрилади. Бундан олдин Покистон Толибони "ноисломий" сайловларни барбод қилиш билан таҳдид қилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ