Исёнчилар Сурия мулозимининг отасини ўғирлаб кетишган

Image caption Файзал Мақдод Сурия ҳукуматидаги қудратли шахслардан ҳисобланади.

18 май куни Сурия жангарилари Ташқи Ишлар вазири ўринбосари Файзал Мақдоднинг отасини гаровга олишган.

Сурия мулозимининг 80 ёшли отаси Иордания чегарасига яқин Госсом қишлоғидаги уйидан ўғирланган.

Хабарларга қараганда, ўғирланган қарияни Дараа шаҳрига олиб кетишган.

Ҳозирча бу ҳодисага масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ёки шахс зиммасига олмаган.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Рами Абдул Рахмоннинг фикрича, гаровга олиш жангарилардан бирининг қариндошини ҳукумат кучлари томонидан қамоққа олинишига жавобан амалга оширилган бўлиши мумкин. Рами Раҳмоннинг айтишича, Файзал Мақдоднинг отасини озод қилиш бўйича музокаралар бошланган.

Ўтган ҳафталар давомида жангарилар Дараа вилоятида сезиларли муваффақиятларни қўлга киритишган, бир қанча ҳарбий база ва муҳим чегара постларини қўлга киритишганини маълум қилишган эди.

Бу қўшни Иордания давлатининг исёнчиларга бераётган ҳарбий кўмаги орқали амалга оширилгани айтилади.

Айни пайтда Президент Башар ал-Ассад ўзининг ҳукуматига халқаро босимлар кучайиб бораётганига қарамасдан, 2014 йилги президентлик сайловигача истеъфога чиқмаслигини билдирган.

"Истеъфо бериш қочиш дегани",- деб айтган жаноб Ассад Аргентинанинг Clarin рўзномаси ва Telam агентлигига берган интервьюсида.

Сурия Президенти Башар ал-Ассаднинг оггоҳлантиришича, Америка Қўшма Штатларининг Суриядаги фуқаролар урушига чек қўйиш мақсадидаги амаллари кам самара беради. Шу билан бирга, Башар Ассад Россиянинг можарони тинч йўл билан ҳал қилиш борасидаги музокараларини ёқлар экан, расмий Дамашқ Ғарб "ҳақиқатдан ҳам Сурия можаросини ҳал қилишни хоҳлашига ишонмаслиги"ни айтган.

Суриядан келаётган хабарларга кўра, ҳукумат кучлари исёнчилар назоратида бўлган Қусайр шаҳрини қайта ўз назоратларига олиш мақсадида ҳужумларни бошлаган. Атрофдаги ҳудудларда бир неча ҳафтадан буён жанглар бормоқда эди. Сурия давлат телевидениеси хабарида айтилишича, ҳукумат қўшинлари шаҳардаги террорчиларни ўраб олган ва "уларнинг раҳбарларининг уясини йўқ қилган". Мухолифат фаолларига кўра, қаттиқ бомбардимон оқибатида 20 киши ҳалок бўлган.

Дамашқда миналаштирилган автомашина портлаши натижасида уч киши ўлган, беш одам яраланган.

Ҳукумат телевидениеси ҳодисада жангариларни айблаган.

Сурияда фуқаролар урушига айланиб кетган Башар Ассад ва мухолифатнинг қуролли тўқнашувлари оқибатида 2011 йилдан буён БМТ ҳисоботига кўра қариийб 80 минг инсон ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ