АҚШ сенати: "Apple" солиқлардан бўйин товлайди"

Image caption АҚШ Сенати 'Apple' ширкатини солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбламоқда.

АҚШ Сенати махсус қўмитаси компюет технологияларини ишлаб чиқувчи "Apple" ширкатини солиқ тўлашдан қочишга уринишда айблаб чиқди.

Қўмитга кўра, "Apple" офшор бўлинмалари орқали иш юритиб миллиардлаб доллар солиқларни тўламасликка ҳаракат қилади.

"Apple" ширкатининг раҳбари бугун Сенат аъзолари ўнгида пайдо бўлиб бу борада саволларга жавоб бериши кутилмоқда.

Ширкатнинг айтишича, солиқ тўламаслик учун турли "ўйинлар"дан фойдаланмайди.

"Apple" нинг нақд пулда 145 миллиард долларга эга эканлиги айтилади. Улардан 102 миллиардини офшор ҳисобларида ушлар экан.

"Apple" 2012 йили 6 миллиард доллар солиқ тўлаб, мамлакатда энг кўп солиқ тўловчи ширкталар орасида бўлганлигини айтган.

АҚШда баъзи ширкатлар 35 фоиз солиқ тўламаслик мақсадида хорижда қўлга киритган фойдаларини мамлакатга олиб келмасликка ҳаракат қиладилар.

Америкада ширкатлар учун солиқлар жаҳондаги энг юқориларидан ҳисобланади.

Лекин одатда ширкатлар турли имтиёзлар туфайли аслида анчайин камроқ солиқ тўлайдилар.

Сенат аъзоси Жон Маккейннинг айтишича, "Apple" бир қарашда энг кўп солиқ тўловчига ўхшайди, лекин ширкат миқёслари назарда тутилса солиқ тўлашдан бош тортаётган энг йирик ширкатдир.

"Apple"нинг айтишича эса, ўз махсулотларининг йирик қисмини хорижда сотганлиги ва ўша мамлакатларда керакли солиқларни тўлагани учун фойдани АҚШга олиб келиш лозим, дея ҳисобламайди.

"Apple" солиқларни тўлашдан бош тортишда айбланаётган йирик халқаро ширкатлардан навбатдагисидир.

Буюк Британияда ҳам Starbucks, Google, Amazon and Facebook каби ширкатлар ўта кам солиқ тўлашда айбланганлар.

Бу ширкатларнинг биронтаси ноқонунуий амалга йўл қўймаган бўлса ҳам, муаммо анчайин қизғин баҳсларни келтириб чиқармоқда.

"Адолатли солиқлар учун" фуқаро фаоллари гуруҳига кўра, офшор ҳисобларида пулларини ушлаган ширкатлар туфайли АҚШ ҳукумати келгуси 10 йил ичида 600 миллиард доллар йўқотиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ