'Ахлоқсиз' аёллар сони нега ошмоқда?

Image caption Афғон қамоқхонасидаги маҳкума

Сурайё 12 ёшида мажбуран турмушга узатилган. Кейин эрининг калтакларидан безор бўлиб қочиб кетади.

Аммо полиция уни уйдан қочиб кетиш каби "ахлоқий жиноятда" айблаб, ҳибсга олади.

Сурайё ҳозир беш ярим йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Унинг тақдирини ўрганган Ҳьюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Сурайё қамоққа олинганида ҳомиладор эди, аммо панжара ортида туғилган боласи уч ҳафта ичида нобуд бўлади.

Сурайё каби ёш аёллар сони эса Афғонистонда кескин ошмоқда. Ўтган бир ярим йил давомида "ахлоқий жиноятлар" учун қамоққа олинган хотин-қизлар сони 600 нафарга етган.

Толибон давридан бери бунчалик кўп аёл "ахлоқий жиноят" учун жазоланмаган эди. Маҳкумалардан ҳар олтинчиси ҳали 18 ёшга ҳам тўлмаган ўспирин қизлардир.

Қизларнинг ўзи истамаган одамга турмушга чиқишдан бош тортиши ва ё аёлларнинг зўравон эри зуғумидан қочиб кетиши ҳам уларни қамоққа ташлаш учун етарли саналади.

"Баъзи зўрланган аёллар эса зино айби билан қамоқда ўтирибди" - дейди Ҳьюман Райтс Уотч - "Ҳукумат эса жабрдийдаларни жазоламасдан, ҳақиқий айбдорларга нисбатан қаттиққўл бўлиши керак".

Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ушбу ҳисоботидан ҳали бир неча кун олдин мамлакат парламенти аёллар ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи қонун борасидаги баҳсларни тўхтатиб қўйганди.

Бу қонун, хусусан, вояга етмаган қизалоқларни мажбуран турмушга бериш ва оилада аёлларга қарши зўравонликларни чеклашни назарда тутарди.

Ҳозир Афғонистонда жинсий тажовузга дуч келган қиз бола полицияга мурожаат қилса, унинг ўзини зино айби билан ҳибсга олишлари эҳтимоли катта.

Ёши катта одамларга ва иккинчи-учинчи хотинликка рози бўлмай, уйидан қочиб кетган ёш қизлар ҳам ушланса, маҳкамага тортилиб, қамоққа ташланади.

Баъзида полиция ходимлари қизларнинг бокиралигини мажбуран текширади ва бу ўринда ҳатто шифокорни ҳам чақирмайди.

Ҳьюман Райтс Уотч ташкилотининг Кобулдаги вакили Ҳезер Баррнинг айтишича, "ахлоқий жиноят" айблари билан ҳукм этилаётган аёлларнинг кўпаётгани Афғонистондаги қаттиққўл анъанадорлар таъсири ошганини англатади.

"НАТО чиқиб кетиши олдидан анъанадор кучлар ўзларига тобора кўпроқ ишонишмоқда" - дейди Ҳезер Барр - "Улар хорижий кучлар кетишса, аҳвол яна эски пайтдагидек бўлади, деб ўз билганларича иш тутишмоқда".

Ҳьюман Райтс Уотч ташкилоти Президент Ҳомид Карзайга чақириқ билан чиқиб, ёш қизларнинг уйидан қочиб кетишини жиноий ҳаракатлар сирасидан чиқариб ташлашни сўрамоқда.

Афғон ҳукумати ҳозир ушбу чақириққа ўз жавобини тайёрлаётганини айтмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ