Оклахома торнадосида омон қолганларни излаш ниҳоясига етмоқда

Image caption Оклахома қуюнида ҳалок бўлганлар сони аввал айтилганидан камроқ экани аниқланди

Қутқарувчилар душанба куни Оклахома шаҳрида 20дан ошиқ одам, жумладан тўққиз болани нобуд қилган баҳайбат қуюн ўз ортида қолдирган вайроналар ичида иш олиб боришмоқда.

Расмийлар омон қолганларни излаш ишлари ниҳоясига етиб қолгани ва асосий ҳаракатлар қайта тиклашга йўналтирилаётганини айтишган.

Энг кўп шикаст еган Мор мавзесининг ёнғин ўчирувчилари раҳбари Гари Бэрд харобалар остида бошқа одамлар қолмаганига "98% ишончим комил" деб айтган.

Мор орқали ўтган қуюн шамоллари соатига 320 километр тезликда ҳаракат қилган.

Оклахома Губернатори Мэри Фоллин қурбонлар сони 24дан ошиши мумкинлиги, чунки баъзи жасадлар тўғридан-тўғри дафн уйларига олиб кетилган бўлиши мумкинлигини айтган.

Штатнинг тиббий назоратчиси баъзи қурбонлар икки марта саналган бўлиши мумкинлигини айтиши ортидан жасадлар сони 51дан туширилган.

Жаноб Бэрдга кўра, душанба оқшомидан бери бошқа жасадлар топилмаган.

Қутқарувчилар вайрон бўлган маҳаллаларда қидирув ишларини олиб боришга қийналганлар, чунки кўчаларнинг номини кўрсатувчи ишоралар қуюнда ғойиб бўлган.

Миллий Об-ҳаво Хизмати қуюнни EF-5 даражали торнадо даражасига кўтарган.

Қурбонлар орасидаги тўққиз боланинг етти нафари Плаза Тауэрс Элементари бошланғич мактабида ҳалок бўлишган. Ўқитувчилар даҳлизлар ва ҳожатхоналарда жон сақлашга уринганларида, қуюн мактаб томини суғириб олиб, деворларни бузиб ташлаган.

Расмийларга кўра, Оклахомадаги 100дан ортиқ мактабларда қуюндан жон сақлаш учун махсус хоналар мавжуд, лекин Морда шикаст еган икки мактабда бундай хоналар бўлмаган.

Маҳаллий яшовчилар улар қуюн келишидан 16 дақиқа аввал огоҳлантирилганларини айтишган. Расмийларга кўра, одатда бундай огоҳлантириш 8-10 дақиқа аввал берилади.