Царнаевларга алоқадор киши Флоридада отиб ўлдирилган

Image caption Бостон портлашларида икки киши ҳалок бўлганди

АҚШнинг Си-би-эс телеканали хабар беришича, Флориданинг Орландо шаҳрида Марказий Разведка Агентлиги сўроқ қилаётган шахс федерал агентларга ҳамла қилиши ортидан отиб ўлдирилган.

Бор маълумотларга биноан, бу шахс - 27 ёшли Ибрагим Тодашев.

Айтилишича, Тодашев яна бир киши билан биргаликда Бостон марафонидаги портлашларда гумон қилинувчи Тамерлан Царнаев билан алоқаси борасида сўроқ қилинаётган бўлган.

Тодашев Царнаев билан портлашлардан бироз аввал мулоқот қилгани, Царнаев билан учрашиш учун Бостонга боргани ва Чеченистонда кетишни режалаётгани ишонилади.

Тамерлан Царнаев Бостондаги портлашлар ортидан полиция билан отишмада отиб ўлдирилганди. Унинг укаси отишманинг эртасига ҳибсга олинганди.

Си-би-эснинг Орландодаги мухбири хабар қилишича, Тодашев яшаётган хонадондан маҳаллий вақт билан тунги 12:00дан сўнг ўқ узилгани эшитилган.

Ўқ узилишидан аввал Тодашев ва Марказий Разведка Агентлиги агентлари ўртасида ёқалашув келиб чиққани, гўёки Тодашев улардан бирига ташлангани айтилади.

Федерал агентлардан бири маҳаллий Local 6 телеканалига гумондорнинг ҳалок бўлганини тасдиқлади.

"Ҳозирда биз Марказий Разведка Агентлигининг махсус агенти иштирокида отишма рўй бергани ҳодисасини текшираяпмиз", - деди махсус агент Дэйв Кувертье.

"Ўз вазифасини бажараётган агент ва гумондор ўртасида тўқнашув юз берди. Гумондор жон берди", - деб айтган у.