Франция қўшинини Малидан олиб чиқишнинг асосий босқичи бошланди

Image caption Брюсселда бўлиб ўтган халқаро донорлар анжуманида Мали ҳукуматига 4 миллиард долларлик кўмак ваъда қилинди.

Мали шимолидаги исломий жангариларни қувиб чиқариш мақсадида мамлакатга киритилган Франция қўшинларини олиб чиқишнинг асосий босқичи бошланган.

Бундан олдин апрел ойида Малидаги 4000 кишилик француз ҳарбийларининг айримлари олиб чиқилган эди.

25 май куни Мали пойтахти Бамако ташқарисидаги Франция ҳарбий базасидан 80 тача юк автомобили карвони жанубга, Фил Суяги қирғоғига йўл олиши хабар қилинган.

Режага кўра, Малида мўлжалланаётган умумхалқ сайлови олдидан хавфсизлик назоратини Мали армияси ва июл ойида жойлаштириладиган БМТнинг тинчликпарвар кучларига топширишдир.

Ўтган ҳафта Брюсселда бўлиб ўтган халқаро донорлар анжуманида Мали ҳукуматига 4 миллиард долларлик кўмак ваъда қилинди.

Бамакодаги Би-би-си мухбири хабар қилишича, у ердан қўшни мамлакатга йўл олган автомобиллар карвони улкан эканига қарамасдан, Франция ҳарбийлари автомобилларга асосан жиҳозлар ортилганини айтганлар.

Франция ўзининг собиқ колонияси бўлган Малида 3800 кишилик қўшинини ушлаб турганини, уларнинг сонини сентябр ойига бориб 2000, йил охирига бориб эса 1000 кишига туширишни режалаштираётганини маълум қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ