Покистонда автобус портлашида 16 бола ҳалок бўлди

Покистон шарқида мактаб автобусининг портлаши натижасида камида 16 бола ҳаётдан кўз юмди, етти бола яраланди, - деб хабар беради маҳаллий полиция расмийси.

Тахминларга кўра, автобусдаги газ баллонининг носозлиги портлашни келтириб чиқарган бўлиши мумкин. Бироқ газ балонининг ўзига ҳеч нима қилмагани айтилмоқда.

Полициянинг айтишича, автобусдаги болалар билан кетаётган ўқитувчи ҳам ҳалок бўлган. Автобус ҳайдовчиси тирик қолгани ва воқеа жойидан қочиб яширингани хабар қилинган.

Фожеа Гужарат шаҳри яқинида рўй берган. Автобусдагилар хусусий мактаб ўқувчилари бўлишган.

Дастлабки текширувларга биноан, автобус газ ва бензинда юрган. Полицияга кўра, ҳайдовчи газдан бензинга ўтмоқчи бўлганида ёнғин келиб чиққан бўлиши мумкин.

Хабарларга кўра, автобусдаги болаларнинг ёши 5дан 15 ёш орасида бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, автобус шу қадар тез ёна бошлаганидан болалар ташқарига чиқа олишмаган.

Автобуснинг орқа ойнасидан қочиб чиқишга улгурган икки боланинг мухбирларга гапириб беришича, автобусдаги болалар жон аччиғида "Ака, бизни қутқар, биз ёняпмиз" деб зорланишган.

"Мен катта таёқни олиб ойнани синдирдим, лекин уларни қутқара олмадим",- деб айтган болалардан бири.

Покистонда бензин қимматлиги сабабли ҳайдовчилар кўпроқ арзон газ баллонларидан фойдаланилиши боис бу каби ҳодисалар турли ҳудудларда тез-тез содир бўлиб туради.