Оврўпо Иттифоқи: Сурия исёнчиларига қурол ҳозирча берилмайди

Image caption Сурия борасидаги музокараларда ташқи ишлар вазирлари якдил фикрга кела олмаганлар.

Брюсселда 12 соатдан ортиқ давом этган Сурия борасидаги музокараларда ташқи ишлар вазирлари якдил фикрга кела олмаганлар.

Оврўпо Иттифоқи Ташқи Ишлар вазирларининг учрашув якунларига кўра, Сурияга қурол-яроғ эмбаргоси давом эттирилмайди, иқтисодий санкциялар эса ҳозирча ўз кучида қолади. Шунингдек исёнчиларни қурол билан таъминлаш таклифи ҳам тўхтатиб турилади.

Ушбу қарор узоқ мунозаралардан сўнг қабул қилинган.

"Аниқ мужда"

Башар ал-Ассад ҳукуматига қарши Оврўпо Иттифоқининг қатор санкциялари шанба куни ниҳоясига етади.

Оврўпо Иттифоқининг Сурияга жазо чоралари 2011 май ойида қабул қилинган, унга кўра ҳукуматга, ҳам исёнчиларга қурол етказиб бериш таъқиқланган эди.

Британия ва Франция дипломатлари Сурия исёнчиларига қурол етказиб бериш Башар Ассад тузумини сиёсий мулоқот қилишга мажбур қилади, деб таъкидлаб келади.

Британия Ташқи Ишлар вазири Уильям Хейга кўра, "Бу қарор Ассад тузумига аниқ мужда бўлиши керакки, у жиддий музокаралар олиб боришни бошлаши лозим".

Кўпгина давлатлар, жумладан Австрия исёнчиларга қурол бериш 80 минг инсоннинг ҳаётини тугатган вазиятни яна ҳам издан чиқариб юборишини таъкидлаган.

BBC мухбири Жим Мьюирга кўра, Оврўпо Иттифоқининг қарори муаммони ҳал қилишга таъсир кўрсатиши гумон.

Сурия мухолифати нафақат ўз доирасида, балки тарафдорлари ичида ҳам муаммони ечиш бўйича турли қарашлар туфайли деярли фалаж ҳолатига келган.

Ҳозирда Сурия ҳукумати аввалгидан анча кучли сезилади. Ўтган йилнинг охирида жангарилар Дамашқ атрофида шиддатли жангларни олиб борганларида Башар ал-Ассад ва унинг тарафдорларининг мағлубияти шубҳасиздек туюлган эди.

Айни пайтда эса бундай фикр билдириб бўлмайди.

Лекин шунда ҳам Ассад тузумининг ғалабасини башорат қилиш мумкин эмас. Вазият хоҳлаган пайтда ўзгариши мумкин. Ғарб исёнчиларни қуроллантиришга аниқ қарор берганида бу ҳолат жуда тез ўзгариши шубҳасиз.

Лекин шуниси аниқки, ғалаба ҳар икки томондан кўп қонлар тўкилиши билан амалга ошади.

Можарога Ливаннинг жангари "Ҳизбуллоҳ" шиа гуруҳининг қўшилиши вазиятни Сурия ҳукумати фойдасига бурди.

Хабарларга кўра, айни пайтда Қусейр шаҳри атрофида қаттиқ жанглар кетмоқда. Қусейр иккала томон учун ҳам муҳим стратегик аҳамиятга эга, қурол-яроғ кирадиган йўл ҳисобланади.

Айтилишича, Сурия мухолифатига ҳарбий ёрдам бериш тарафдорларидан бири АҚШ сенатори Жон Маккейн кутилмаганда Сурияга борган ва мухолифат раҳбарлари билан учрашган. Бироқ учрашув тафсилотлари очиқланмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ