Эрон сайловлари: АҚШ унинг демократик ўтишига ишонмаяпти

Image caption Сайловларда "тузумнинг манфаатларидан келиб чиқиб "номзодлар саралангани" танқид қилинмоқда.

Эрон сайловлари бошланишига уч ҳафта қолганда Америка сиёсатчилари унинг ҳаққоний ўтмаслигини башорат қилмоқда.

Президент сайловлари арафасида шундай ҳам баҳсли муносабатларга эга Вашингтон ва Теҳрон орасида янги баҳс қизимоқда.

Сайлов пойгасидан икки асосий номзодларнинг чиқарилиши АҚШ Давлат котиби Жон Керри томонидан демократия талабларига зид ва 14 июн сайловлари эркин ўтмаслигининг далилидир, дея баҳоланган.

Сайловлар натижасини олдиндан тан олмаган Вашингтон мамлакат ичкарисидаги ҳокимият ўзгаришининг "зарғалдоқ сценарийси" тарафдорларини қувватлаган.

Расмий Теҳрон бу ҳаракатни мамлакат ички ишларига даҳл қилиш деб атади.

АҚШ босимига жавобан аксиламерика қарашларини асос қилиб олган консерватив номзодларнинг мавқеларини кучайтириш кузатилмоқда.

Эрон Ислом республикаси Конституциясига мувофиқ тўрт йил олдин ўтган 2009 йилги президентлик сайловларидаги хатоларни такрорламасликка ҳукумат ҳаракат қилмоқда.

Сайловлардан кейин намойиш ва жанжалларга ўрин бермаслик учун Эрон ҳукумати номзодларни иложи борича "эътироз туғдирмайдиган" ва "можаросиз" бўлишига ҳаракат қилгани билинди.

Бунинг учун 686 номзоддан саккиз киши танланиб, собиқ президент Али Акбар Ҳошимий Рафсанжоний ва Маҳмуд Аҳмадинежотнинг собиқ сафдоши Исфандиёр Машаийни пойгадан ташқарида қолдиришга қарор берилди.

Исроилга расмий сафар билан борган АҚШ Давлат котиби Жон Керри бу ҳолат- "тузумнинг манфаатларидан келиб чиқиб 700 га яқин номзод 8 га қадар саралангани"ни танқид қилди.

"Буни сайлов деб айтиш албатта гумон", деган жаноб Керри.

Америка расмийси шунингдек, Эроннинг сайлов олдидан интернетни чеклай бошлаганига ҳам изоҳ беришни сўради.

Image caption "Эрон халқига ўзининг нуқтаи назарини ифода этадиган кишини сайлашга йўл қўйиш керак".

Унинг фикрича, "Эрон халқига ўзининг нуқтаи назарини ифода этадиган кишини сайлашга йўл қўйиш керак".

Вашингтон билан бирга Париж ҳам Эрон сайловларидан норози бўлмоқда. Франция вакили Филипп Лаллио эронликларга "ўз раҳбарини эркин сайлаш имкони" берилиши кераклигини айтди.

Теҳрон бу танқидларга нисбатан зудликда муносабат билдираркан, Ғарбни мамлакат ички ишларига аралашмасликка чақирган.

Ташқи Ишлар вазири Али Акбар Солиҳий ўз навбатида Францияга "бошқалар ишига аралашиш ўрнига ўз мамлакати муаммоларини ечишга ҳаракат қилса яхши бўлиши"ни маслаҳат берди.

Бўлажак сайловларда АҚШ ва унинг оврўполик ҳамкорлари умид қиладиган бирорта ҳам номзоднинг киритилмагани кейинги президент ким бўлишидан қатъий назар Эрон атом лойиҳаси мавзуси келажакда яна долзарблигича қолишини кўрсатмоқда.

Ғалабага асосий даъвогарлардан Саид Жалилий аллақачон Ғарбга нисбатан қаттиқ мавқени эгаллаш ва Ислом инқилоби ғояларини давом эттиришга ваъда берди.

Бу мавзуда батафсилроқ