АҚШ дронидан Покистон шимоли нишонга олинди

Image caption Дрон ҳужумларидан ўнлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётгани Покистонда норозиликларни уйғотмоқда.

Шимолий Вазиристон ҳудудига Американинг учувчисиз бошқариладиган учоғи ҳужумидан камида икки киши ҳалок бўлди, тўрт киши яраланди деб айтган полиция ходими.

Полицияга кўра, ракеталар Мироншоҳ шаҳри яқинидаги уйларга келиб тушган.

Минтақада яшовчи қабила вакиллари вайрон этилган уйнинг қолдиқлари остидан етти кишининг жасадини олиб чиққанликларини айтганлар.

Лекин бу хабар мустақил манбалардан тасдиқланмаган.

Бу Покистон ҳудудига охирги олти ҳафта мобайнида, шунингдек 11 май куни ўтган сайловлардан кейин уюштирилган биринчи дрон ҳужуми бўлиб, мамлакат учун ўта қалтис вақтда юз бермоқда.

"Покистон Мусулмон лигаси"нинг раҳбари шу ой бошларида ўтказилган сайловда ғалаба қозонгандан кейин янги ҳукуматни тузишга ҳаракат қилмоқда.

Сайлов кампанияси мобайнида у сайловчиларга учувчисиз учоқлардан ҳужумларни тўхтатишни хоҳлашини айтганди.

Номзодларнинг аксиламерикавий қарашлари ва учувчисиз учоқ ҳужумларини танқид қилишлари сайловчилар томонидан олқишланган.

Сайловлардан сал олдин Пешовардаги Олий маҳкама ҳам дронлардан ҳужумлар қонунга зид, деган ҳукм чиқарганди.

Фаолларга кўра, бу- Америка агарда ҳужумларни тўхтатиш даъватларига қулоқ тутмаса, янги ҳукумат инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун албатта чора кўриши кераклигини англатади.

Нишон шунингдек, президент Барак Обама учувчисиз учоқлар орқали бошқариладиган амалиётларнинг шартлари ҳақида гапирганидан икки ҳафта ўтиб амалга оширилган.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси содир қилинган навбатдаги ҳужумни мамлакат мустақиллигига таҳдид сифатида баҳолаган.

"Ҳар қандай дрон ҳужуми Покистоннинг ҳудудий бирлиги ва мустақиллигига қаршидир ва буни биз кескин қоралаймиз",- деб айтган Покистон мулозими Рейтер агентлигига.

Шимолий Вазиристондаги ҳужумни "Адолат учун" партиясининг раҳбари Имрон Хон ва янги Бош вазир Навоз Шариф қоралаб чиқишган.

Америка ҳукумати бу каби ҳужумларда оддий инсонлар жабр кўришларини деярли тан олмай келади.

Вашингтон ўзининг ҳужумлари Шимолий Вазиристонда жойлашиб олган жангариларга қаратилгани, маҳаллий кучлар уларни йўқ қилишга қудрати етмаслиги билан изоҳлайди.

Ўтган жума куни Президент Обама учувчисиз учоқлар жангариларга қарши ҳимоя сифатидаги "адолатли уруш" эканини ва улар Американинг хавфсизлиги учун кераклигини айтган эди.

Жаноб Обама бундай ҳужумлардан тинч фуқаролар ҳалок бўлмаслигига "тўлиқ ишонч ҳосил қилиш керак" лигини таъкидлаганди.

Афғон-Покистон чегарасида турли маҳаллий ва Ал-Қоидага боғлиқ жангарилар яширинган, деб ишонилади.

Покистон хавфсизлик кучлари эса АҚШни Шимолий Вазиристон тоғларида яширинган жангариларга қарши етарли кураш олиб бормаётганликда айблайди.

Бу мавзуда батафсилроқ