'Шилқим мулла жазолансин'

Image caption Муҳаммад Довуд аёлларнинг ишлашини инсон савдосига ҳам тенглаштирган

Абдулло Муҳаммад Довуд Twitter ижтимоий-мулоқот тармоғида якшанба куни "аёл кассирларга жинсий тегажоқлик қилинг" деб араб тилида очиқ ёзган эди.

Мулланинг бу тармоқда қарийб 100 минг тарафдори бор. Шу асно у ўн минглаб тарафдорларини аёлларнинг ишлашига қарши отлантиришга уринган.

Яқинда Саудия Арабистонида аёлларнинг жамоат жойларида, хусусан, дўконларда ишлашига рухсат берилганди.

Бироқ бу қадам анъанадор диний доиралар норозилигига етаклаганди. Мулла Муҳаммад Довуд ҳам шулардан бири эди.

Аммо унинг Twitter тармоғидаги чақириғи юзлаб саудияликларни ғазаблантирмоқда. Улар "аёлларни ишлашдан тўхтатишга қандай ҳаққинг бор?" ва ёки "бу билан жинсий зўравонликни тарғиб қилаяпсан" деган фикрларни ёзишмоқда.

Мулланинг фикрича, бу аёлларни пештахта ортига турғазиб қўйиш, тижоратни юритиш ва харидор жалб этиш йўлида аёллардан фойдаланишни англатади.

Шу боис, мулланинг мавқеини қўллаётганлар ҳам бор. Уларга кўра, Муҳаммад Довуд мамлакатнинг ўта анъанадор исломий қиёфасини сақлаб қолишга интилган, холос.

Лекин муллага энг кўп қарши гапираётганлар бу саудиялик хотин-қизлардир.

Мулла Довуд илгари ҳам зиддиятли фикрларга сабаб бўлмаган. Масалан, ёш болаларга бачабозлар тегажоқлик қилмаслиги учун гўдакларнинг юзини чачвон билан тўсиш керак, деб чиққанди.

Қизиғи шундаки, Мулла Довуд Twitter тармоғидан фойдаланмоқда. Саудия анъанадор доиралари эса ҳали яқингинада ҳам бу тармоқ саудиялик ёшлар тарбиясини бузаётгани ҳақида айтиб чиқишганди.

Бу мавзуда батафсилроқ