Бостон портлашлари гумондори Жоҳар Царнаев 'оёққа турган'

Жоҳар Царнаев
Image caption Жоҳар онасига аҳволи ўнгланаётгани, бироқ рўй берган ҳодисаларни англашга қийналаётганини айтган

Бостон портлашларида гумон қилинаётган Жоҳар Царнаев оёққа турган.

Бу ҳақда унинг онаси Зубайдат Царнаева Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги билан интервюсида маълум қилган.

Зубайдат Царнаевага кўра, телефон орқали суҳбатда унинг ўғли ўзи ва портлашлардан сўнгги полиция қидирув амалиётлари пайти ўлдирилган акаси гуноҳсиз эканларини айтган.

Жоҳар Царнаевнинг ўзи яраланган ва ҳозир қамоқхона шифохонасида сақланмоқда.

Ўтган ой Бостон марафони якунида юз берган бомба портлашларида камида 3 киши нобуд бўлган ва 260дан ортиқ инсон яраланган.

Царнаева хонимнинг Ассошиэйтед Прессга айтишича, бу ўғли ҳибсга олинганидан бери у билан қилган илк мулоқотидир.

Жоҳар онасига аҳволи ўнгланаётгани, бироқ рўй берган ҳодисаларни англашга қийналаётганини айтган.

Image caption Зубайдат Царнаева ўғилларининг гуноҳсизлигини яна бир бор таъкидлаган

"У ўзининг ҳиссиётларини ҳам жиловлагани йўқ, гўё бутун дунёга: "Бу нима? Нималар юз бермоқда?" дея қичқираётгандек", деб айтган Зубайдат Царнаева.

"У бизга нисбатан адолатсизликни, гуноҳсиз Тамерланимизнинг ўлдиришганини ақлига сиғдира олмаётганини ҳис қилдим", дейди Царнаева хоним.

Царнаевлар оиласи 15 апрел куни амалга оширилган бомба портлашларида Жоҳар ва Тамерланнинг алоқаси йўқлигини яна бир бор таъкидлашган.

Россиялик чечен мусулмонларидан бўлган Царнаевлар матбуотга Доғистондаги хонадонларидан туриб гапиришган.

Хабарларга кўра, бу турар-жой 26 ёшли Тамерланга тегишли бўлган.

Гумондорнинг отаси Анзор Царнаевга кўра, улар хонадонни Тамерлан ва унинг оиласи пойтахт Махачхалага кўчиб келади деган эҳтимол билан сотиб олишган.

Бу мавзуда батафсилроқ