Эрон президенти тикучари фавқулодда қўнишга мажбур бўлган

Эрондан олинаётган хабарларга кўра, Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежод ва ҳукумат ҳайъати ўтирган тикучар тоғли ҳудудда фавқулодда қўнишга мажбур бўлган.

Эрон президенти ва унинг ҳамроҳлари мамлакат шимоли-шарқидаги Мозандарон вилоятида барпо этилган янги туннелнинг очилиши маросимига йўл олганлар.

Бу туннелнинг Эрондаги энг узун тоғ йўли экани айтилмоқда.

president.ir веб-сайти хабар қилишича, "доктор Аҳмадинежод ва бир неча расмийларни олиб учаётган тикучар бузилиб қолди, бироқ учувчи тикучарни хавфсиз қўндиришга муваффақ бўлди".

"Аллоҳнинг кўмаги билан президент ва унга ҳамроҳлик қилаётган расмийлар жароҳатланганлари йўқ. Тикучар қўнганидан кейин президент лойиҳанинг очилиш маросимида иштирок этди ва Теҳронга автомобилда қайтди", деб хабар қилган Эрон президентининг расмий интернет саҳифаси.

Эрон матбуоти хабар қилишича, фавқулодда қўнишга мажбур бўлган тикучар ўша жойда қолган, расмийлар тикучарнинг ўша ерда таъмирланишини айтганлар.

Ушбу ҳодисанинг бошқа тафсилоти очиқланаётгани йўқ.

Президент Маҳмуд Аҳмадинежоднинг президентлик муддати ниҳоясига яқинлашмоқда.

У Эрон Исломий республикасининг президенти этиб икки марта сайланди.

Эронда президентлик сайлови 14 июнга мўлжалланган.

Саккиз сиёсатчи президентликка номзод сифатида рўйхатга олинган.

Жаноб Аҳмадинежоднинг президентлик муддати 3 август куни тугайди.

Бу мавзуда батафсилроқ