Хитой: Ҳалокатли ёнғин қурбонлари сони ўсмоқда

Image caption Тан жароҳати олганлар шифохоналарга жўнатилган

Хитой расмийларига кўра, мамлакатдаги паррандачилик фабрикаларидан бирига ўт кетиши оқибатида нобуд бўлганлар сони камида 119 нафарга етган. Яна ўнлаб инсонлар жабр кўришган.

"Синьхуа" ахборот агентлиги хабар қилишича, ёнғин душанба куни эрталаб Цзилин вилоятидаги фабрикада келиб чиққан.

Ҳозир ёнғиннинг аксар қисми ўчирилган ва жасадлар қидирилаётгани айтилади.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, ўт электр тармоғида юз берган учта портлаш ортидан келиб чиққан.

Бу 2000 йилдан бери кузатилаётган энг ҳалокатли ёнғиндир. Ҳенан вилоятида юз берган фожеада 309 инсон нобуд бўлганди.

"Синьхуа"нинг хабар беришича, бугунги ёнғиндан паррандачилик фабрикасининг 100га яқин ишчиси омон қолган. Қўшимча қилинишича, бинонинг ички тузилиши мураккаб ва чиқиш йўлаклари тор бўлгани қутқарув ишларига халақит бермоқда.

Агентликка кўра, ёнғин бошланган пайт фабрика дарвозаси қулф бўлган.

"Ичкарида қанча сондаги ишчилар қамалиб қолгани ҳали тасдиқлангани йўқ", дея қўшимча қилади "Синьхуа" ахборот агентлиги.

Ўнлаб жароҳат олган инсонлар шифохоналарга жўнатилган, бироқ уларнинг аҳволи қанчалар жиддий экани ҳам қоронғу қолмоқда.

Хитой ахборот агентликлари вебсаҳифалари йирик семент бинолардан қалин тутун кўкка ўрлаётгани ва ўт ўчирувчилар ҳамон воқеа жойида эканлари акс этган фотосуратларни чоп этишган.

Бу мавзуда батафсилроқ