Сурия армияси исёнчилар қўлидаги Қусайрни қайта эгаллади

Image caption Сурия қўшинларига Ҳизбуллоҳ ёрдам берди

Сурия ҳукуматпараст кучлари стратегик аҳамиятга эга бўлган Қусайр шаҳри устидан тўла назоратни қўлга олганлар.

Ливан билан чегарага яқин Қусайр шаҳри икки ҳафтадирки Ливаннинг Ҳизбуллоҳ жангари гуруҳи томонидан дастакланган Сурия қўшинлари ва исёнчилар ўртасидаги қақшатқич жанглар маркази бўлиб келаётганди.

Сурия давлат телевидениеси кўп сонли исёнчилар ҳалок бўлишгани ва яна кўп нафари таслим бўлишганини хабар қилган.

Исёнчилар тун оша амалга оширилган йирик ҳарбий амалиёт туфайли шаҳардан чекинишга мажбур бўлишганини билдиришди.

Бироз аввал Озод Сурия армиясининг ҳарбий раҳбари ўз жангчилари Ҳизбуллоҳ қўшинларини йўқ қилиш учун Ливан ичига кириб боришга тайёр эканликларини айтган.

Генерал Салим Идрис Би-би-си билан суҳбатда Ҳизбуллоҳ жангчилари Сурияга "бостириб" киришаётгани ва Ливан уларни тўхтатиш йўлида қўлини ҳам қимирлатмаётганини айтди.

"Кутилмаган ҳужум"

Image caption Бомбардимон қилинган Қусайр ҳувиллаб қолди

Қусайр Ливандан атиги 10 километр масофада, энг йирик таъминот йўлаклари ёнида жойлашган.

У ерда икки ҳафта давом этган жанг ортидан Суриянинг Сана давлат хабар агентлиги "қаҳрамон қўшинларимиз шаҳарга барқарорлик ва хавфсизликни олиб киришди", дея хабар тарқатди.

Сана кўп сонли "террорчилар" йўқ қилингани, ва армия уларнинг пистирмаларини бузиш ва портловчи моддаларни қидириш билан машғул эканини айтган.

Ливанда эса Ҳизбуллоҳнинг Ал-Манар телеканали Қусайрда исёнчи кучлар буткул тор-мор қилинганини хабар берди. Бир Ҳизбуллоҳ жангчиси Рейтер агентлигига: "Биз тонгда кутилмаганда ҳужум қилдик ва шаҳарга кириб бордик. Улар қочиб қолишди", - деб айтган.

Рейтерс тарқатган исёнчилар баёнотида: "Ҳукумат қўшинларини йирик арсенали ва бизда ўқ-дориларнинг танқислиги, ҳамда Ҳизбуллоҳнинг безбетларча бостириб келгани туфайли, бизнинг ўнлаб жангчиларини ортда қолиб ўз сафдошлари ва оддий аҳолининг чиқиб кетишларига ёрдам беришди", дейилади.

"Шафқатсизлик"

Би-би-сининг Байрутдаги мухбири Жим Мюир Қусайр шимолида исёнчиларнинг кичик-кичик гуруҳлари сақланиб қолаётгани, бироқ ҳукумат шаҳарни қўлга олганини стратегик ғалаба дея тақдим этаётганини айтади.

Image caption Қусайрнинг баъзи қисмларида исёнчилар ҳали бор

Армия Сурия марказидаги исёнчиларнинг таъминот йўлларини бўғиб, уларнинг истеҳкомларини ожизлаштиришга уриниши эҳтимоли катта.

Мухбиримизга кўра, бу воқеанинг символик аҳамияти ҳам бор - икки томон ҳам яқинда ўтиши мўлжалланган тинчлик анжуманига ожиз тараф сифатида келишни хоҳламайди.

Россия ва АҚШ чоршанба куни Женевада учрашиб, анжуманнинг санаси ва тафсилотларини келишиб олишлари кутилади. Бироқ у амалга ошиши ноаниқ, чунки Сурия мухолифати ўз иштирокини тасдиқламаган.

Сурия Президенти Башар ал-Ассадга қарши ғалаёнлар 2011 йилда бошланганидан бери 80 минг одам ҳалок бўлган ва 1,5 миллион одам Сурияни тарк этган.

Сешанба куни чоп қилинган янги БМТ ҳисоботи Суриядаги уруш "шафқатсизликнинг янги даражаси"га чиққани, одамлар ёппасига қириб ташланиши ҳоллари юз бераётгани ва болалар ваҳшиёна ҳужумларда қатнашишга мажбурланаётганини айтган.

Мазкур можарода кимёвий қуроллар ишга солинаётганини исботловчи далиллар ҳам кўпаймоқда.