Туркия: Кечирим ортидан намойишлар қайта бошланган

Image caption Полиция қаттиққўл тактикасига содиқ қолмоқда

Туркия полицияси бешинчи тундирки давом этган аксил-ҳукумат намойишлари иштирокчиларига қарши кўзни ёшлантирувчи газ ва сув пуркагичларни қўллаган.

Тўқнашувлардан бир неча соат аввалроқ Бош Вазир муовини Булант Аринж ўтган ҳафта юзага келган икл намойишларга бўлган полициянинг зўравон жавоби учун кечирим сўраган.

Жаноб Аринж намойишчилар фаоллари билан чоршанба куни учрашиши кутилади.

Истанбулдаги истироҳат боғининг суриб ташланиши режалари устидан чиққан намойишлар мамлакат бўйлаб кенг нотинчликка йўл очиб берган.

Жаноб Аринж Гези Паркдаги қурилиш ишларига қарши чиққан намойишларда жароҳат олган кишилардан кечирим сўради. У полициянинг "ҳаддан ошиқ куч ишлатган"и нотўғри бўлганини айтди, бироқ қурилиш ишлари "қонуний ва одилона" эканини билдирди.

Кечирим ортидан сешанба оқшомида Истанбулнинг Таксим ҳиёбонида байрамона кайфият ҳукм сурди. У ерда футбол ишқибозларидан тортиб галстук таққан молиявий муассасалар ходимлари йиғилганди.

Мухбиримизга кўра, улар ҳукуматга қарата "Бизни эшитдингми?" дея хитоб қилишган.

Бироқ, бироз ўтиб полиция намойишчиларни тарқатиш учун яна сув пуркагичлар ва тутун гратаналарини оломонга қарата ишлатган.

Измирда ҳам байрамона кайфият ҳукм сурган, бироқ полиция намойишчилар билан ўзи орасида масофани сақлаган. Баъзи ёш намойишчилар бироз аввал хавфсизлик камераларини синдириб, полицияга тош отганлар.

"Нодемократик"

Измирда, шунингдек, давлат қарамоғидаги Анатолия хабар агентлиги 25 киши Твиттерда нотўғри маълумотни тарқатгани учун ҳибсга олинганини айтган.

Мухолифатга кўра, улар одамларни намойишларга қўшилишга ундаганлари учун ҳибсга олинганлар.

Бош Вазир Ражаб Тойиб Эрдўған якшанба куни Твиттерни "ёвуз куч" деб атаб, у ёлғон маълумот тарқатиш учун қўлланаётганини айтганди.

Унинг муовини жаноб Аринж эса намойишлар тўхтатилишига чақирган ва улар "террорчи тус олган"ини айтган.

Жаноб Аринжнинг ярашувга чақириқлари жаноб Эрдўғаннинг қаттиққўл мавқеидан фарқ қилади. Эрдўған намойишларни нодемократик дея атаган.

Марокашга сафари чоғида журналистларга гапирган бош вазир: "Уйга қайтганимда, барча муаммолар ҳал этилади", - деди.

Айни дамда Туркиянинг NTV телевизион канали илк намойишларни ёритмагани учун кечирим сўраган. Каналнинг баъзи ходимлари намойишлар ёритилмаганига қарши чиқиб истеъфо берганлар.

Намойишчилар ўз чиқишларини мувофиқлаштириш учун ижтимоий мулоқот сайтларидан кенг фойдаланишаяпти.

Сешанба куни чап-қанот Кеск касаба уюшмалар конфедерацияси ҳукуматни "давлат террори"ни амалга оширишда айблаб, икки кунга иш ташлаганлар.