'Сурияда кимёвий қуролни ҳам ҳукумат ва ҳам исёнчилар қўллаганлар'

Image caption 19 март куни Сурия ҳукумат кучлари кам миқдордаги кимёвий қуролни Ҳалабда ишга солган, дейди БМТ.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Сурияда кимёвий қурол ишга солиниши юзасидан ўз ҳисоботини эълон қилган, унда инқирозга аралашган икки тараф ҳам айбланган.

"Сурияда кейинги ойларда ҳукумат кучлари ҳужумларида кимёвий қурол ишга солинганига ишониш учун асосли далиллар бор", дейилади ҳисоботда.

БМТга кўра, мухолифат кучлари ҳам ўзларининг ҳужумларида кимёвий қуролдан фойдаланмаганларини истисно қилиш мумкин эмас.

Янги ҳисобот муаллифлари Сурия ҳукуматига мурожаат қилиб, мамлакатга БМТнинг кимёвий қуроллар бўйича экспертларнинг киришлари ва Сурия ҳукумат кучлари ихтиёридаги кимёвий қуроллар намуналарини ўрганишлари учун рухсат беришни сўраганлар.

БМТнинг махсус комиссияси ўзининг текширувида 2013 йилнинг 15 январидан 15 майигача бўлган тўрт ойлик ҳодисаларни ҳужжатлаштирган.

Текширувчилар 17 эҳтимолий қатлиом тафсилотини ўрганган.

Ҳисобот "илк бор ишғолни мунтазам қўллаш, кимёвий моддаларни ишга солиш ва одамларни яшаб турган жойларидан мажбуран кўчириш ҳолларини ҳужжатлаштирган".

БМТга кўра, Сурия инқирозида "ваҳшийликларнинг янги даражасига чиқилган".

Мамлакатда мисли кўрилмаган шафқатсизликлар содир этилаётгани айтилган.

Бу ваҳшийликлар, жумладан инсонларнинг бошини танасидан жуда қилишда вояга етмаганлар ҳам қатнашаётгани қораланган ҳисоботда.

Ҳисоботда айтилишича, Сурия ҳукумат кучлари шу йилнинг 19 март куни Ҳалабнинг Хан ал-Ассал деган жойида, Дамашқ шаҳрининг ал-Утайба қисмида заҳарли кимёвий модданинг оз қисмини ишга солганлар.

Шунингдек, Ҳалаб шаҳрининг Майх Мақсуд мавзесида 13 апрел куни, 29 апрел куни Идлиб вилоятидаги Сарақебда кимёвий қуролдан фойдаланилган.

Бироқ БМТ мутахассислари айнан қандай модда ишга солинганини аниқлай олмаганларини эътироф этганлар.

Халқаро ташкилотга кўра, Сурияда қонли можаролар бошланганидан кейинги икки йилдан ортиқ вақт давомида камида 80 минг инсон ҳаётдан кўз юмган.

БМТ янги ҳисоботи халқаро ҳамжамият Сурия тинчлик конференцияси учун бир куннни белгилаш устида бош қотираётган бир пайтга тўғри келган.

Бу мавзуда батафсилроқ