Қиролича Би-би-сининг янги биносини расмий тарзда очиб берди

Британия қироличаси Елизавета II Би-би-сининг Лондон марказида жойлашган New Broadcasting Houseга ташриф буюриб, тантанали маросимда иштирок этди.

Қиролича Би-би-сининг янги биносини катта хурсандчилик билан очаётганини билдирди.

Тантанали маросим Би-би-си Радиосининг бир нечта канали орқали махсус транслация қилинди.

Би-би-си оффисига Қироличанинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филип билан ташриф буюриши кутилган эди. Бироқ Букингем саройидан билдирилишича, шаҳзоданинг тоби қочганлиги туфайли Лондон касалхонасига ётқизилган.

Қироллик қабули

Эрталабдан Би-би-си биноси олдида қироличани кўришни хоҳлаганлар йиғилаётганини кўриш мумкин эди. Улар мовий рангли костюм ва шляпа кийган қироличани қўлларида байроқчалар билан кутиб олишди.

Би-би-си ходимлари ҳам қироличани катта қизиқиш билан қаршилашди.

Елизавета II бинонинг уч қаватида, хусусан Би-би-си Жаҳон хизмати жойлашган қисмида бўлган, унга Би-би-си Бош директори Тони Холл ҳамроҳлик қилди ва жонли эфирда шаҳзода Филипга соғлик тилади.

Қиролича Би-би-сининг етакчи ва ёш журналистлари билан учрашиб, уларга янги бинода муваффақиятлар тилади.

New Broadcasting Houseда Би-би-сининг тўққиз радиостанцияси, уч телеканали жойлашган, бинода олти мингдан ортиқ ходим ишлайди.

Бу мавзуда батафсилроқ