Америка ва Хитой киберҳужумларга қарши бирга курашади

АҚШ Президенти Барак Обама ва Хитой раҳбари Си Жинпиннинг икки кунлик учрашуви Оқ Уй томонидан "улкан, ижобий ва конструктив", дея баҳоланди.

Президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Том Донилоннинг айтишича, икки мамлакат раҳбарларининг Шимолий Кореяни денуклеризациялаш борасидаги фикрлари бир жойдан чиққан.

Музокараларда иқтисодий ва экологик масалаларда ҳам фикрлар ўртага ташланган. АҚШ-Хитой ўртасидаги савдо алоқаларини янада ривожлантиришга келишилган.

Шунингдек, Барак Обама Си Жинпинга кибержиноятлар Америка-Хитой алоқаларига таъсир кўрсатмаслиги кераклигидан огоҳлантирган.

Айни пайтда, Хитой Американинг киберайғоқчилик борасидаги даъволарини кўриб чиқишга розилик билдирган.

Барак Обама ва Си Жинпиннинг норасмий учрашуви Калифорния штатидаги қароргоҳда бўлиб ўтган. Бу жаноб Си Жинпин Хитой раҳбари этиб сайланганидан буён икки давлат расмийларининг илк учрашувидир.

Икки йирик мамлакат раҳбарлари жума куни қариийб олти соат, шанба куни уч соат давомида ўзаро музокаралар ўтказишган.

Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида жаноб Том Донилон расмий Вашингтон Америка тўқнаш келган киберҳужум Хитой ичкарисидан қилинганига шубҳа қилмаслигини таъкидлаганини айтган.

Хитой бу даъволарни рад қилган ва ўз навбатида Америка томонидан киберҳужумлар амалга оширилгани ҳақида далиллари борлигини келтириб ўтган.

"Биз бир-биримиз билан рақиблар эмас, ҳамкорлар бўлиб қолишимиз лозим", деб таъкидлаган АҚШ Президенти.

"Кибер-хавфсизлик икки давлат орасидаги ишончсизликка сабаб бўлмаслиги керак, бу бизнинг муносабатларимизга доғ туширмаслиги лозим", деб айтган Америка расмийси.

"Улар Шимолий Корея денуклеризация қилиниши лозимлиги ва бирорта давлат ҳам Шимолий Кореяни ядровий давлат сифатида қабул қилмаслигини таъкидлашган. Ва биз ҳамкорликни ривожлантириб, денуклеризацияга эришиш мулоқотларини давом эттиришимиз лозим, деган якдил фикрга келишди", деб айтган миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Том Донилон.

Бундан аввал расмий Пекин Шимолий Корея томонидан ядровий таҳдид кучайиб бораётганидан Пхеньянга ўз норозилигини билдирган эди.

Саммит тугаганидан сўнг, Оқ Уй икки мамлакат орасида биринчи марта гидрофторуглерод газини қисқартириш бўйича бирга ишлашни келишганларини билдирган.

Би-би-си мухбирига кўра, жаноб Донилон АҚШ-Хитой учрашувини бир неча бор "улкан" аҳамиятли бўлганини урғулаган.

Киберҳужумлар юзасидан даъволар

Бундан аввал Хитойдаги ҳарбий бўлинма АҚШ компьютер тармоқларига бузиб киришга урингани ҳақида Америка ширкатларининг ҳисоботи эълон қилинганди.

Ҳисоботда айтилишича, Шанхайда жойлашган кўп қаватли бинода Хитой Халқ Озодлик Армияси бўлинмаси жойлашган ва мазкур бўлинма кўп йилларки, АҚШнинг турли компьютер тармоқларига киришга уриниб келган.

Хитой Мудофаа Вазирлиги эса кўплаб кибер ҳужумлар ўғирланган интернет-адреслар ёрдамида амалга оширилишини, кибер ҳужум аниқ ифодаланмаган ва ҳужумчи кимлигини фақат интернет-адресига қараб аниқлаш жуда қийинлигини баён қилганди.

Киберҳужумлар борасидаги даъволар икки давлат ўртасида бир неча бор янграган. Расмий учрашувларда ҳам кибер-жосуслик масаласи кўтарилган.

Бу каби фаолият миллий хавфсизлик билан бирга, иқтисодий манфаатларга ҳам таҳдидлиги ҳақидаги хавотирлар янграган.

Бу мавзуда батафсилроқ