Нелсон Манделанинг аҳволи ҳамон оғир

Image caption Шифокорлар Манделанинг аҳволи оғир, лекин барқарорлигини айтишган.

Жанубий Африка Республикаси собиқ президенти Нелсон Мандела иккинчи кундирки касалхонада қолмоқда.

Шифокорлар кечадан буён Манделада ўзгариш кузатилмагани, аҳволи оғир, лекин барқарорлигини билдиришган.

Президентнинг матбуот котиби тушгача маълумот бўлмаслигини айтган.

94 ёшли Нелсон Мандела шанба куни эрталаб Преториядаги касалхонага ўпка касаллиги билан келтирилган эди.

Бу жаноб Манделанинг шу йил ҳисобидан учинчи бор шифохонага ётқизилишидир.

Жанубий африкаликлар аппартеидга қарши курашган инсон, "халқнинг отаси" яна кучга тўлиб соғайиб кетиши учун дуо қилишаётганларини айтишган.

Манделанинг хотини Граса Машел эрининг ёнида бўлиш учун Лондонга режалаштирган сафарини қолдирган.

Ҳукумат матбуот вакили Мас Махараж "Мандела яна ўпка яллиғланишидан қийналаётган бўлсада, "ўзининг нафас олаётгани" умид берувчи ижобий белги", деган.

Собиқ Президентнинг дўсти Десмонда Туту жанубий африкаликлардан дуо қилишни сўраган ва дўстига соғайиб, оёққа туришини тилаган.

Мамлакат Президенти Жекоб Зума пойтахтда вазифасини давом эттираётгани, шифокорлар ундан Манделанинг ёнида бўлишни маслаҳат беришса, касалхонага боришини билдирган.

Нелсон Мандела дунёдаги энг обрўли давлат арбобларидан биридир.

У Жанубий Африкадаги апартеид тузумини мавҳ қилиш ва турфа ирқлилик асосида демократик давлат қуриш учун курашди.

27 йиллик умрини қамоқда ўтказган жаноб Мандела озодликка чиққач, халқининг қувватлови билан мамлакатнинг илк қора танли президенти бўлди.

Асосан икки ирқ ўртасидаги зиддиятнинг бошқа жабҳаларини бартараф этиш ва тинчлик ўрнатиш учун курашди.

Сўнгги йиллар Нелсон Манделанинг саломатлиги ёмонлашган ва бунга қамоқхонадаги йиллари давомида ўпка хасталигини орттиргани ҳам сабаб бўлган дейилади.

Нелсон Мандела 2004 йилда жамоат ишларидан кетганидан кейин омма олдида кам кўриниш берди.

Бу мавзуда батафсилроқ