Эрон сайловлари: "Одамларда кўтаринкилик кўринмаяпти"

Image caption Яқинлашаётган сайловлар иқтисодий бўҳрон туфайли кўплаб эронликларни деярли қизиқтирмай қўйган.

14 июнга белгиланган Президентлик сайловларига ҳам оз қолди, бироқ кўпчилик эронликлар кимга овоз бериш ҳақида аниқ қарорга келишмаган ёки сайловларда умуман қатнашишадими ёки йўқ, бу ҳам савол остида қолмоқда.

Бу йилки сайловларда рўйхатга олинган 680 номзоддан саккиз нафари Кенгаш томонидан тасдиқланди холос. Ундан бештаси Олий руҳоний Али Ҳомайнийга яқин анъанадорлар бўлиб, номзодлар орасида ислоҳотчилар йўқ.

2009 йилги сайловларда 80 фоиз сайловчи овоз берган эди. Бироқ одамлардаги жўшқинлик ва ишонч Маҳмуд Аҳмадийнежот қайта президент этиб сайлангач, тезда сўнди. Эронликлардаги кўтаринкилик пасайгани, ҳаёт даражаси тушгани кузатилди. Эрон валютаси қадри пасайди, инфляция кейинги 18 йил ичида энг юқори даражага кўтарилди, ишсизлар сони кўпайиб борди. Бироқ одамларда келажакка қанчалик умид бор?

Би-би-си мухбири суҳбатлашган бир қанча эронликлар бўлажак сайловлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашишди ва Эронда кечаётган ҳаётларидан сўзлашди.

Ҳамадонлик, касби шифокор бўлган 40 ёшли Нуқта сайловда иштирок этмаслигини айтган.

"Шахсан мен ўзимни ҳимоясиз сездим. Мен Ҳошимий Рафсанжонийга овоз бермоқчи эдим, бироқ уни сайловдан четлатишди. У ўзига ишонган кучли сиёсатчи бўлганида Олий руҳонийга қарши чиққан бўларди. Шунинг учун мен овоз бермайман. Ҳомайний яқинда ҳар бир овоз- Ислом республикаси учун, деди. Мен бу тузум қонунийлаштирилишини истамайман. Биз эрим билан маошдан маошгача зўрға улаб яшаяпмиз. Бу шароитда бола боқиш қўрқинчли бўлиб қолди. Иқтисодий қийинчиликлар одамларни шафқатсиз қилиб қўйди. Маънавий қадриятларнинг аҳамияти пасайди, гиёҳвандлар кўп. Ҳукуматнинг рақамларига ишониб бўлмайди. 2009 йил кўтаринкилик билан борган эдик. Ҳозир бу кайфият умуман қолмади",- дейди Нуқта.

Шерозлик 20 яшар талаба Заҳро Теҳрон ҳокими Муҳаммад Багирга овоз бермоқчи экан.

"Мен ҳаётимда биринчи марта овоз беряпман. Шунинг учун сайловларни орзиқиб кутяпман. Мен Ғарбга қарши турган ҳукуматимизни ёқлайман. Муҳаммад Багирнинг режа ва ғоялари иқтисодни яхшилашга қаратилгани учун унга овоз бермоқчиман. Ҳозир Эронда жуда мураккаб вазият. Одамлар пулларига нима сотиб олишни билишмайди. Мен иш қидиряпман, лекин иш йўқ. Менинг қариндошларим Дубайда яшашади, улар ёрдам бериб туришибди. Кейинги президент иқтисодни яхшилашни ўйлаши керак", деб фикр билдиради Заҳро.

60 ёшни қаршилаган эронлик ёзувчи Афшин сохта сайловларда овоз бермаслигини айтади.

"Инқилобдан кейин 34 йил ўтди ва бизда дунёдаги энг ёмон диктатура ўрнатилди. Кейинги президент ҳам ҳеч нарса қилолмайди, чунки Ҳомайний буйруғига бўйсуниши керак. Эронда ҳозир жуда оғир, инфляция, порахўрлик, жиноятчиликнинг ортиб бориши. Одамлар тушкунликка тушишган. Менинг ёш дўстларимдан бири кечқурун эрталаб қайтиб турмаслик нияти билан уйқуга ётар экан. Одамлар оч қорин билан ухлашади. Мен бундай шароитда ҳеч кимга овоз беролмайман".

32 ёшли Лейла эса аниқ иқтисодий режага эга дунёвий номзодга овоз беришни хоҳлашини, лекин бундай номзод йўқлиги боис, номзодлар ичида ақллироқ кўринган Ҳасан Руханийни танламоқчи эканини баён этади.

"Бой ва камбағаллар орасида фарқ ошиб бормоқда. Ўрта табақа қолмаяпти. Қуролланишдан қўрқаман. Яқин Шарқ шиа ва суннийлар уруши майдонига айланиб кетиши мумкин. Матбуот эркин эмас, Эрон халқининг қизиқишлари билан ҳеч кимнинг иши йўқ",- дейди Лейла.

Австралияда яшовчи Рамин сайловларда қатнашиш учун Эронга бормоқчи эмас.

"Эронда мен учун ҳеч нарса қолмаган. Мен 30 га кирдим, яхши маълумотлиман, Австралияда иш топдим. Эронда одамларнинг танлов ҳуқуқи йўқ. Менинг қариндошларимнинг ҳам сайловлар билан иши йўқ, у бизга ҳеч нарса бермайди, одамлар сиёсатни унутиб, ўз ҳаётларини яшашни хоҳлашади. Олий маълумотли ёшларга иш йўқ. Эронга жазо чоралари одамларнинг ҳаётига қаттиқ таъсир қилди. Тўғрисини айтганда, Эрон ҳукумати ва Ғарб давлатлари Эрон халқининг бугунги аянчи аҳволига бир хилда жавобгардирлар", деб таъкидлайди эронлик Рамин.

Айни пайтда, собиқ вице-президент ва Эрон технология вазири Муҳаммад Реза Ориф ўз номзодини президентлик сайловларидан олганини билдирган. Муҳаммад Ориф сайлов пойгасида қолган ягона ислоҳотчи номзод эди.

Жаноб Ориф ўзининг сайтида бу қарорни "мақсадга мувофиқ эмас"дея изоҳлаган.

Мухбирларга кўра, Муҳаммад Ориф бошқа ислоҳотчилар томонидан босимга дуч келган.

Шундай қилиб, президентлик пойгасида олти номзод беллашувни давом эттиради.