"Туркия раҳбарлари орасида бир фикрлилик бўлмаяпти"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Туркия раҳбарларининг фикри бир жойдан чиқмаётгани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда"

"Туркиядаги воқеалар биз учун имтиҳон бўлди", деб айтган Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон бошқарувдаги "Адолат ва тараққиёт"партияси йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат тартибсизликларни келтириб чиқарган сабабларни ўрганмоқда.

"Биз бу фактларни таҳлил қиляпмиз. Нима учун ёшлар бу каби йўл тутдилар? Биз ҳаммани эшитамиз. Ва ҳар бир қонуний талабларни тушунишга ҳаракат қиламиз", деб айтган Эрдўғон.

Шу билан бирга Бош вазир намойишчиларнинг тартибсизликларни келтириб чиқарганларини қоралаган: "Геза боғини ҳимоя қилаётганларини айтиб туриб, қандай қилиб атроф муҳитга бунчалик зарар етказиш мумкин? Деворларга ёзиб ташлаш, бекатларни бузиш, кечаси билан идиш-товоқларни тарақлатиш бу атроф-муҳитга зарар келтириш эмасми? Бу табиатни ҳимоя қилиш эмас, балки сайловларда мақсадига эришмаганларнинг ўз ниятига етишга уриниши, деб баҳолаш керак", деган у.

Бош вазир шунингдек Тақсим майдонини тозалашда қатнашган ҳуқуқ тартибот ходимларига миннатдорчилик билдирган.

Айни пайтда Туркияда кенг миқёсда тарқалиб кетган намойишларга йўл қўймаслик мумкинлиги ҳақида турли фикрлар билдирилмоқда.

Ҳукуматнинг масалани ечиш учун нотўғри йўл тутиб қурбонлар берилгани қораланмоқда.

Биз Туркиядаги вазият ҳақида у ердаги зиёлилардан бири Темур Хўжа билан сухбатлашдик.

Темур Хўжанинг айтишича, муаммони ҳал қилиш учун Туркия раҳбарларининг фикри бир жойдан чиқмаяпти ва бу вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.

"Бош вазир, Президент ва Бош вазир ўринбосари айтаётган гапларда мувозанат, уйғунлик йўқ. Улар бир-биридан фарқли нуқталарда гапиряптилар. Бош вазир боғ лойиҳаси бўйича ўзининг илгари билдирган мавқеида қаттиқ турибди. Президент эса ҳукуматни халқнинг айтганларига қулоқ беришга чақирмоқда. Бош вазир ўринбосари намойишчилардан кечирим сўраб, "бўлган воқеалар бизга яхши сабоқ бўлди, бундан бир яхши иш чиқарайлик", демоқда. Шу боисдан аҳоли ўртасида кимнинг фикрига қулоқ тутишни билмай шубҳалар пайдо бўлиб қолди", дейди Туркиядаги зиёли Темур Хўжа жаноблари.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди