Полиция намойишчиларни Тақсим хиёбонидан сиқиб чиқарган

Image caption Полиция кучларига қарата тошлар, олов бомбалари ирғитилган.

Туркия полицияси Истанбул шаҳридаги Тақсим хиёбонини қарийб икки ҳафтадан буён эгаллаб олган норози намойишчиларни кўздан ёш сиздирадиган газ, сувотарлар ва резина ўқларни ишга солиб Гези истироҳат боғига сиқиб чиқарган.

Хиёбонни намойишчилардан тозалаш Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон норозилик намойиши ташкилотчилари билан 12 июн куни учрашишга рози бўлганидан кейин бошланган.

Гези истироҳат боғини қайта қуриш режаси норозиликка сабаб бўлган, бу тинч норозилик намойишининг полиция томонидан қаттиқ бостирилиши бутун Туркия бўйлаб аксилҳукумат намойишлари бошланиб кетишига олиб келган эди.

Норозиликларда Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳукумати ҳаддан зиёд авторитар бўлиб бораётгани айтилган, намойишчилар қудратдаги Адолат ва Тикланиш партиясини жамиятни исломлаштираётганликда айбладилар.

Мисол тариқасида вояга етмаганларнинг мадрасаларда таҳсил олишига рухсат берилгани ва яқиндан Туркияда спиртли ичимликлар савдосига чеклов жорий этилгани айтилди.

Бироқ Туркиядаги аҳолининг деярли ярми дастакловини қўлга киритган Адолат ва Тикланиш партияси етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғон норози намойишчиларни талончилар деб атади, уларнинг талаблари ва норозилик амалиётларини демократияга зид, деди.

Норозиликларга қарамасдан, ҳукумат Гези боғини қайта қуриш режасидан қайтмаслигини билдирган.

11 июн тонгида Тақсим хиёбони атрофида полициянинг зирҳли техникаси, бошларига каска кийган ва қалқонлар билан ўзларини ҳимоялаган полициячилар йиғила бошлади.

Улар намойишчилар ясаган баррикадаларни бузиш, биноларга осилган плакатларни йиғиштира бошлаганлар.

Истанбул шаҳри ҳокими Ҳусейн Авни Мутлу айтишича, полициянинг Гези парки ичидаги норозилик намойишини тарқатиш нияти йўқ.

"Бизнинг мақсадимиз Отатурк ҳайкалидаги ёзувлар ва суратларни олиб ташлаш. Бизнинг бошқа мақсадимиз йўқ. Гези парки ва Тақсимга тегинилмайди", деб ёзган ҳоким Twitterда.

Худди шу гапларни полиция овоз кучайтиргичлардан эълон қилган.

Бироқ хиёбондаги намойишчилар бунга ишонмаймиз, дейишган ва айримлар полиция кучларига қарата тошлар, олов бомбалари ирғитганлар.

Би-би-сининг Тақсим хиёбонида бўлган мухбири Марк Лоуэннинг айтишича, намойишчиларни хиёбондан сиқиб чиқариш чоршанба кунига бош вазир билан мўлжалланган учрашувни бекор қилинишига олиб келиши мумкин.

Норозиликлар бошланганидан буён уч инсон ҳалок бўлган, 5000 дан ортиқ одам жароҳатлангани хабар қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ