Истанбулдаги Тақсим хиёбони намойишчилардан 'тозаланди'

Истанбул шаҳридаги Тақсим хиёбонида полиция билан норози намойишчилар ўртасида тўқнашувлар эрталабгача давом этган.

Сув пуркагичлар ва кўздан ёш сиздирадиган газ қўллаган полиция намойишчиларни хиёбондан сиқиб чиқарган, Тақсимни тозалаш бошланган.

Полиция кучларига қарши намойишчилар тошлар, ёқилғи тўлдирилган идишлар отганлар.

Мухбирларга кўра, минглаб тинч намойишчилар ҳам тўқнашувлар ўртасида қолиб кетганлар.

Кўнгиллилар жароҳатланганларга илк тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида қўлбола шифохона ясашларига тўғри келган.

Тақсим хиёбонини намойишчилардан тозалаш амалиёти 11 июн тонгида бошланган эди.

Тўқнашувлар кейинги кун тонгигача тўхтамаган.

Истанбулликлар 12 июн эрталабида Тақсим хиёбонига булдозерлар киритилганини кўрганлар.

Хиёбонда ўт қўйиб юборилган автомобиллар қолдиқлари, баррикадалар ва бошқа вайроналарни кўриш мумкин эди.

Расмийлар Тақсимни тозалашни бошлаганлар.

Хиёбондаги Мустафо Камол Отатурк ҳайкалини полиция қўриқлашни бошлаган.

Мухбирларга кўра, сўнгги норозиликлар Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғонга қарши охирги 10 йилдан ортиқ вақт давомидаги энг йирик ва жиддий норозиликлар бўлмоқда.

Туркия бош вазири намойишлар зудлик билан тўхтатилиши керак, деган.

У, "Туркияни шикастлашга уринаётганлар" деб атаганларга тоқат қилинмайди, деб айтган.

Намойишчилар Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғонни тобора авторитар бўлиб бораётганликда ва дунёвий давлат ҳисобланган Туркияда исломий қадриятларни жорий этишга уринаётганликда айбламоқдалар.

12 июн куни Туркия бош вазири намойишчилар билан учрашиш ниятида экани хабар қилинган эди.

Бироқ Тақсим хиёбони намойишчилардан "тозалангани"дан кейин жаноб Эрдўғон ҳукумат ва норози намойишчилар ўртасида воситачилик қилишларига умид қилаётган инсонлар билан учрашишни режалаштирган.

Булар актриса, қўшиқчи ва ёзувчи.

Норози намойишчиларнинг айтишларича, бош вазир номидан учрашув таклифи билан ҳеч ким ўзларига яқинлашгани йўқ.

Яқинлашган тақдирларида ҳам улар билан учрашмаган бўлардик, дейишган намойишчилар.

Улар Гези истироҳат боғи бузилишига қарши намойишчиларнинг вакиллари деб тақдим қилинаётган ва Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон учрашмоқчи бўлган бирор бир гуруҳни тан олмасликларини айтишган.

Ҳукуматнинг Истанбулдаги Гези паркини қайта қуриш режаси норозиликка сабаб бўлган, бу тинч норозилик намойишининг полиция томонидан қаттиқ бостирилиши бутун Туркия бўйлаб аксилҳукумат намойишлари бошланиб кетишига олиб келган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ