'Дунёнинг тинчи йўқолиб бормоқда', Ўзбекистондаги вазият қандай?

Image caption Халқаро ташкилот шунда ҳам буткул тушкунликка берилишга эрта деган фикрда

Бу каби хулосага Иқтисодиёт ва Тинчлик институти ўзининг йиллик ҳисоботида келган. Ҳисобот дунёнинг 162 давлатидаги вазиятни қамраб олади.

Давлатларнинг тинч ёки нотинчлигини белгилашда жамиятдаги хавфсизлик, можаронинг кўлами ва ҳарбийлашув даражаси инобатга олинади.

Ташкилотнинг хулоса қилишича, ўтган беш йил ичида дунё 5 фоизга оромини йўқотган.

Тадқиқотчилар узоқ вақтдан буён бу каби салбий натижа қайд этилмаганини алоҳида урғулашмоқда.

Уларга кўра, бунда, сўзсиз, Сурия можароси катта ўрин тутган.

Вазият қанчалик қайғули?

Халқаро ташкилот шунда ҳам буткул тушкунликка берилишга эрта деган фикрда.

Уларнинг ҳисоботида айтилишича, сўнгги йилларда ички можаролар сони ва суръати ортган эса-да, давлатлар орасида адоват анча йўқолган.

Агар, умумий рақамларга қаралса, дунёнинг 110 давлати нисбатан беқарорлашган.

Яқинда иқтисодий инқирозни бошидан кечирганига қарамай, рўйхатда Исландия дунёнинг энг тинч давлати бўлиб чиққан.

Сиёсий барқарорлик, ўлим ҳоллари ва маҳбуслар сонининг камлиги бобида уларга тенг келувчи давлат топилмаган.

Рўйхатда Исландиядан кейинги ўринларни ҳам узоқ вақтдан буён тинч-осойишта бўлиб келаётган Ғарбий Оврўпо давлатлари эгаллашган.

Яъни, Дания, Австрия, Швейцария, Финландия, Швеция ва Бельгия юқори ўнликдан жой олишган.

Аммо қурол-яроққа эгалик масаласида жуда кескин қонунлари ва яхши қўшничилик алоқалари билан Япония 6-ўриндан жой олишга муваффақ бўлган.

МДҲда-чи?

Image caption Ўзбекистон эса, 124-ўрин билан фақат Қирғизистоннигина ортда қолдириб, Туркманистон (103-ўрин) ва Тожикистон(118-ўрин)дан кейинда келган

Собиқ Шўро давлатлари орасида ўзининг қанчалик тинчу ором экани борасида 38-ўрин билан Эстония энг яхши натижа кўрсатган.

Халқаро ташкилот рўйхатида 78-ўринда келган Қозоғистон нафақат минтақадаги бошқа қўшнилари, ҳатто, Россияни ҳам анча ортда қолдирган.

155-ўринни эгаллаган Россия эса, энг ёмон ўринни эгаллаган МДҲ давлатларидан бири бўлган.

Ўзбекистон эса, 124-ўрин билан фақат Қирғизистоннигина ортда қолдириб, Туркманистон (103-ўрин) ва Тожикистон(118-ўрин)дан кейинда келган.

Аммо

Халқаро ташкилот рўйхатида қўшни Афғонистон энг сўнгги - 162-ўринни эгаллаган.

Ички низолар чоғида берилаётган инсоний талофатлар, қочқинлар ва дарбадарлар сони камайгани ҳам бунда ижобий таъсир қила олмаган.

Афғонистон, айниқса, "сиёсий зўравонлик ва террорлар" бобида ҳаммани ортда қолдириб кетган.

Сурия эса, 161-ўринни эгаллаган Сомалидан бир ўрин юқори натижа кўрсатган, холос.

Дунёнинг энг нотинч ва беқарор давлатлари рўйхатидан яна Ироқ, Судан, Покистон ва Россия ҳам ўрин олишган.

Агар, халқаро ташкилот ўз ҳисоботини етти йилдан бери эълон этиб келаётган бўлса, орада кечган вақт давомида Сурия кескин ўзгаришларга юз тутган давлат бўлиб чиққан.

Араб баҳоридан бироз ўзига келиб олган Ливия эса, халқаро рўйхатда уч ўрин юқориб олган.

2010 йилги фуқаролар уруши ортидан, Чад ҳам бироз тинчиб, натижалари яхшиланган.

Ҳисобот муаллифлари дунёда кечаётган зўравонликларнинг жаҳон иқтисодига қанчалик зиён етказганини ҳам ҳисоблаб чиқишган.

Аён бўлишича, ўтган йили бу рақамлар қарийб 10 триллион долларни ташкил қилган.

Бу дунё ялпи йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш кўламининг 11 фоизига тенг маблағдир.

Бу мавзуда батафсилроқ