Намойишчилар Гези истироҳат боғини тарк этмоқчи эмаслар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Намойишчиларга кўра, ўзларининг талаблари фақат Гези парки қайта қуриш лойиҳаси билан чекланмайди.

Туркия ҳукуматининг Истанбулдаги Гези истироҳат боғини қайта қуриш режасини тўхтатиш ваъдасига қарамасдан, паркда норозилик амалиётини бошлаган намойишчилар чодир шаҳарчаларини тарк этмасликка қарор қилганлар.

Хабар қилинишича, ўзларини "Тақсим бирдамлиги" деб атаган гуруҳ аъзолари 14 июндан 15 июнга ўтар кечаси қандай йўл тутиш масаласини муҳокама қилганлар.

Узоқ баҳслардан кейин норозилик акцияларини давом эттиришга қарор қилганлари ҳақида эълон қилганлар.

Намойишчиларга кўра, ўзларининг талаблари фақат Гези парки қайта қуриш лойиҳаси билан чекланмайди.

"Биз илгари сурган талаблар аниқ ва бизнинг адолатли талабларимиз ҳукумат томонидан бошиданоқ инкор этилди. Шундан кейин бўлиб ташлаш, фитнага ундаш ва қаршиликнинг қонунийлигини издан чиқариш ҳаракатлари бошланди", дейилади "Тақсим бирдамлиги" тарқатган баёнотда.

"Биз мамлакатимизда рўй бераётган ҳар қандай адолатсизлик рўпарасида ўзимизнинг қаршилигимизни давом этдирамиз. Бу фақат бошланиши", дейилади гуруҳ баёнотида.

Жума кечқурун расмийлар Гези паркини эгаллаб олганлар билан музокаралар ўтказган.

Шундан сўнг истироҳат боғини қайта қуриш лойиҳасини маҳкамага олиб чиқишга, маҳкама қарори эълон қилингунича лойиҳани тўхтатиб туришга қарор қилинган.

Агар маҳкама қайта қуриш лоийҳасини қонунга зид деб топмаса, ҳукумат уни референдумга қўяжаги ҳақида эълон қилган.

Мухбирларга кўра, лойиҳани тўхтатиш қарори Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг ён беришидир.

Жаноб Эрдўғон Гези паркини эгаллаб олганларни тарқалишга чақирган.

"Сиз бу ерда анча узоқ вақт бўлдингиз. Сизга қулоқ тутишди. Энди яна нега у ерда ўтирипсиз?", деб айтган Бош вазир Эрдўғон.

Пойтахт Анқарада эса тунда полиция норози намойишчиларни куч билан тарқатган.

30 га яқин намойшчи ҳибсга олинган.