"Турган одам" Истанбулдаги намойишчиларни руҳлантириб юборди

Image caption "Турган одам" эътирозига тез орада ўнлаб инсонлар қўшилган

Турк полицияси намойишларни куч билан бостиришидан бир неча кун ўтиб "Турган одам" номини олган санъатчи Истанбулнинг Тақсим майдонига йиғилган намойишчиларга етакчилик қилмоқда.

Душанба куни Театр актёри ва замонавий рақс ижрочиси Эрдем Гундуз саккиз соат давомида бир оғиз гапирмай, ўз ўрнидан жилмай замонавий ва дунёвий Туркиянинг асосичи Камол Отатурк портретига қараб турган.

Тез орада юзлаб одамлар Эрдем Гундузга ортидан сафга қўшилганлар.

Бироқ тунги иккида полиция уларни тарқатиб юборган.

Жаноб Гундуз кейинроқ Би-би-сига намойишларни куч билан бостиришларига қарши "рамзий" эътироз билдирганини айтган.

Душанба куни Туркиядаги энг йирик икки касаба иттифоқи Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўған юритган сиёсатга қарши бир кунлик иш ташлаганлар ва юриш қилганлар.

Жаноб Гундуз Тақсим майдонида маҳаллий вақт билан кечки соат 6 да пайдо бўлган ва у ерда тунги иккигача турган.

Ўз жойидан жилишни истамаган 10 нафар шахс полиция томонидан ҳибсга олинган.

"Жуда кўплаб ёш инсонлар кўчаларга чиқишган," - деб айтган жаноб Гундуз Би-би-си билан суҳбатда.

"Мен ҳеч ким эмасман... Аммо мақсадимиз муҳим: Инсонлар нима учун ҳукуматга қаршилик қилишаяпти. Чунки ҳукумат тушунишни истамайди, кўчаларга чиққан инсонлар нимани исташини тушунишни хоҳламади. Менинг амалим унсиз эътироз эди. Мен инсонлар бир лаҳза бўлса ҳам, "Истанбулда нима бўлди ўзи?" - деган ўйга боришларини истайман" - деди у.

Турк санъаткорининг эътироз амали яшин тезлигида норозилик ҳаракатининг эътиборини ўзига жалб этди. Турк тилидаги твиттер тармоғида "турган одам" сашанба куни асосий хабарга айланган.

Жаноб Гундуз эътирози ўтган ҳафталарда юз берган қонли тўқнашувларнинг бутунлай аксидир.

Ўтган кунларда полиция ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувларда 5 минг атрофида инсон яраланган ва камида 4 инсон ҳалок бўлган.

Ҳукуматнинг Истанбулдаги Гези паркини қайта қуриш режаларига қарши 28 май куни бошланган эътироз тез орада умуммиллий намойишга айланди.

Бу мавзуда батафсилроқ