АҚШ махфий текширувларни фош қилган Сноуденни айғоқчиликда айблади

Image caption Эдвард Сноуден оддий фуқароларнинг шахсий ёзишмалари текширилишини инсон ҳуқуқларига зид амал дея баҳолаган

АҚШ адлия вазирлиги махфий кузатув амалиёти тафсилотларини ошкор қилган собиқ таҳлилчига қарши жиноий иш очган.

Миллий Хавфсизлик Агентлигининг собиқ таҳлилчиси Эдвард Сноуденга қарши илгари сурилаётган айбловлар сирасига айғоқчилик ва ҳукумат мулкини ўғирлаш айблари киради.

Жаноб Сноуден май ойида фуқароларнинг телефон ва интернетдаги ёзишмаларини текширадиган дастурни оммага ошкор қилиши ортидан Гонконгга қочганди.

АҚШ унинг Гонконгдан экстрадиция қилинишини сўраши кутилаётгани айтилади.

У АҚШ агентликлари мунтазам равишда хусусий телефон ва интернет маълумотларини йиғиб келганини ошкор қилди.

Жаноб Сноуден "Ҳукумат мулкини ўғирлаш", "Миллий мудофаа маълумотларини рухсатсиз тарқатиш" ва "Махфий маълумотларни ўз истаги билан тарқатиш" айбларига юз тутмоқда.

Ҳар бир модда учун у максимум 10 йилга қамалиши мумкин.

Жаноб Сноуден 10 июнда махфий маълумотларни тарқатишга масъул шахс эканини матбуотга ошкор қилиши ортидан, ўзининг қаерда яшаётганини сир тутмоқда.

Баъзи хабарлар унинг полиция томонидан берилган бошпанада қолаётганига ишора қилганди, бироқ Гонконг полицияси бирон шарҳ беришдан бош тортди.

Вашингтондаги мухбиримиз Кейти Уотсонга кўра, бу қарор АҚШ мазкур ишга нақадар жиддий ёндошаётганидан далолат беради.

Сноуден жаноблари юқори даражали расмийлар ва Конгресс аъзоларининг "давомий ёлғон чиқишлари" ортидан маълумотларни фош қилишга бел боғлаганини айтган.

АҚШ расмийлари махфий дастур америкаликларни ёки Америкадаги шахсларни атайлаб нишонга олмаслиги, ва бу дастур фақат ҳакамлар рухсати билангина амалга оширилишини айтишган.

Ҳафта бошида Миллий Хавфсизлик Агентлиги раҳбари Генерал Кийт Александр мазкур дастур террор ҳужумларини бартараф қилганини билдирди.