Нелсон Манделанинг аҳволи оғирлашган

Image caption Нелсон Манделанинг вазияти сўнгги 24 соат ичида оғирлашган

Жанубий Африка президенти маъмуриятига кўра, Нелсон Манделанинг саломатлиги ёмонлашган ва оғир аҳволда касалхонада қолмоқда.

Президент Жакоб Зума ўз баёнотида шифокорлари Мандела жанобларининг аҳволини яхшилаш учун “ имкон доирасидаги барча амалларни бажармоқдалар” деб айтган.

Жаноб Зумага кўра, “ У ишончли қўлларда”.

Жанубий Африканинг илк қора танли президенти 94 ёшда ва шу йил бошидан бери учинчи бор ўпка инфекцияси билан касалхонага ётқизилган.

Ўтган бир неча кун ичида Мандела жанобларининг саломатлиги борасида жуда оз ахборот берилди.

13 июн куни президент Зума собиқ президентнинг вазияти яхшиланаётгани, аммо ҳамон жиддий ҳолатда экани ҳақида айтганди.

Мандела жанобларининг набираси Нбада Мандела ҳам бобосининг саломатлиги яхшиланиб бораётгани ва яқин орада ўз уйига қайтишига умид қилаётгани ҳақида сўзлаганди.

Мандела жанобларининг рафиқаси Граса Мачел барча хушниятли нома йўллаганларга миннатдорчилик изҳор қилган.

Нелсон Мандела дунёдаги энг обрўли давлат арбобларидан биридир.

У Жанубий Африкадаги апартеид тузумини мавҳ қилиш ва турфа ирқлилик асосида демократик давлат қуриш учун курашди.

27 йиллик умрини қамоқда ўтказган жаноб Мандела озодликка чиққач, халқининг қувватлови билан мамлакатнинг илк қора танли президенти бўлди.

Асосан икки ирқ ўртасидаги зиддиятнинг бошқа жабҳаларини бартараф этиш ва тинчлик ўрнатиш учун курашди.

Сўнгги йиллар Нелсон Манделанинг саломатлиги ёмонлашган ва бунга қамоқхонадаги йиллари давомида ўпка хасталигини орттиргани ҳам сабаб бўлган дейилади.

Нелсон Мандела 2004 йилда жамоат ишларидан кетганидан кейин омма олдида кам кўриниш берди.