Толибон Кобулнинг энг қаттиқ қўриқланадиган марказига ҳужум уюштирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Ҳужум саҳнаси Афғонистондаги энг қаттиқ қўриқланадиган жой ҳисобланади.

Афғон хавфсизлик кучларига кўра, Кобул шаҳрининг энг қаттиқ қўриқланадиган ҳудудига уюштирилган ҳужум оқибатида тўрт жангари ва уч хавфсизлик ходими ҳалок бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон ўз зиммасига олган.

Полицияга кўра, ҳужумчиларнинг икки соатча давом этган ҳужуми муваффақиятли қайтарилган.

Бу жой Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай саройи ва "Ориёна" меҳмонхонасига яқин бўлган.

Би-би-си мухбири Билол Сарварий ҳужум шоҳиди бўлган.

Мухбиримиз айтишича, у ва бошқа мухбирлар президент саройига матбуот анжуманига чақирилган бўлганлар.

Хавфсизлик талаблари журналистларнинг матбуот анжумани бошланишидан анча олдин келишларини талаб қилади.

"Биз бошқа журналистлар билан президент саройи дарвозаси олдида турганимизда бирданига 10-15 метр узоқликда қаттиқ портлаш рўй бериб, отишма бошланиб кетди. Биз отишманинг ўртасида қолиб кетдик", дейди Би-би-си мухбири.

"Биз шу ерга яқин девор ёнида 40 дақиқача паноҳ топдик", дейди мухбиримиз.

Полицияга кўра, хорижий аскарлар кийимларини кийган ҳужумчилар автомобилдан сакраб тушишлари билан автомобил портлатилган.

Қуроллилар "Ориёна" меҳмонхонасига ҳужум қилганлар.

Бу меҳмонхонада АҚШ Марказий Истиҳборот Агентлигининг маҳаллий қароргоҳи жойлашган.

Би-би-си мухбирига кўра, жангарилар билан Президент Карзай тансоқчилари ва америкалик ҳарбийлар жангга киришганлар.

Толибон ўз баёнотида ушбу ҳужумда нафақат президент саройи, балки саройга яқин жойлашган мудофаа вазирлиги ва "Ориёна" меҳмонхонаси нишонга олинганини айтган.

Афғон расмийларига кўра, ҳужум пайтида Президент Ҳомид Карзай саройда бўлган.

Сўнгги ҳужум Афғонистондаги халқаро қўшинлар мамлакатдаги хавфсизлик назоратини Афғон хавфсизлик кучларига топширганидан бир неча кун ўтиб юз берган.

Шу куни Қатар пойтахти Доҳада Толибон идораси очилган.

Бу идорадан кўзланган мақсад, Афғон ҳукумати билан тинчлик музокараларидир.

Бироқ, мухбирларга кўра, Толибон ўз идорасини очганига қарамасдан, Афғонистондаги хавфсизлик кучлари нишонга олинган ҳужумларини камайтирмоқчи эмас.