Сноуден устида АҚШ билан Россия ўртасида можаро

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Россияни АҚШ қонунларини бузишда айблаш ва таҳдидларни мутлақо асоссиз ва номақбул деб ҳисоблаймиз", деган Сергей Лавров.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров айтишича, АҚШ Марказий Истиҳборот агентлиги собиқ ходими Эдвард Сноуден Россия чегарасини кесиб ўтмаган.

Жаноб Лавров АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг пўписасига шу тахлит жавоб берган.

24 июн куни Америка ташқи сиёсат идораси раҳбари агар Россия Эдвард Сноуденни АҚШга экстрадиция қилмаса, бу нарса икки мамлакат муносабатларига ёмон таъсир қилиши билан огоҳлантирган.

Америка томони Россия ва Хитойни собиқ жосуслик идоралари ходимига кўмак бериб, АҚШга қарши тил бириктиришда айблаган.

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра, Эдвард Сноуденнинг дунё бўйлаб сафарида Россиянинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

"У ўзининг йўналишини мустақил танлаган. Биз бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлдик. У Россия чегарасини кесиб ўтмаган. Биз ҳозир кузатаётганимиз - Россия томонини АҚШ қонунларини бузиш ва сал қолса фитнада айблаш ва яна биз томонга қилинаётган таҳдидларни мутлақо асоссиз ва номақбул деб ҳисоблаймиз", деган Сергей Лавров.

Эдвард Сноуденнинг Эквадордан сиёсий бошпана сўрагани хабар қилинган.

23 июн куни Эдвард Сноуден Ҳонгконгдан Москвага парвоз қиладиган Россиянинг "Аэрофлот" ҳаво ширкати учоғига ўтирган.

Шу куни у Москвага етиб борган.

Кўп сондаги журналистлар Москвадаги "Шереметьево" ҳаво қўналғасида тўпланганлар ва 24 июн куни Эдвард Сноуден аввал Куба пойтахти Ҳаванага ва кейин Эквадорга учиб кетмоқчи экани ҳақидаги хабар тарқалган.

Журналистлар Ҳаванага парвоз қиладиган учоққа чиққанлар, бироқ жаноб Сноуденники бўлган учоқдаги ўриндиқ бўш бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Эдвард Сноуден Эквадордан сиёсий бошпана сўраган.

Ҳозирги пайтда Эдвард Сноуденнинг қаердалиги номаълум.

Эквадор расмийлари унинг қаерда эканини билмасликларини айтганлар.

АҚШ расмийларига кўра, Сноуден ҳали Россияда.

Америка томони Хитойни Эдвард Сноуденнинг паспорти бекор қилинганига қарамасдан бу паспорт билан Москвага учиб кетишига изн берганликда айблаган.

Хитой расмийларига кўра, Ҳонгконг махсус маъмурий ҳудуд ҳисобланади ва унга чиқиб кетишига рухсат беришда Ҳонконг расмийлари маҳаллий қонунчиликка асосланганлар.

Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанж хабар қилишича, "Сноуден хавфсиз жойда".

Жаноб Ассанжга кўра, Wikileaks Эдвард Сноуденга молиявий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатаяпти.

Эдвард Сноуден Америка махсус хизматлари миллионлаб инсонларнинг телефон сўзлашувларини тинглашлари ва жаҳондаги йирик Интернет ширкатларидаги инсонларнинг шахсий маълумотларини бемалол кузатганлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди.

Махфий ҳужжатларни ошкор қилишдан олдин у АҚШнинг Ҳавайи оролидан Ҳонконгга етиб олган.

АҚШ расмийларига кўра, телефон сўзлашувларини тинглаш ва Интернетдаги маълумотлардан фойдаланиш терроризмга қарши кураш учун зарур бўлган ва ушбу амалиётлар бир қанча ҳужумлар олдини олишга имкон берган ва инсонлар ҳаёти сақлаб қолинган.