Эдвард Сноуден изидан қувиб ёки бўш ўриндиққа ҳамроҳ бўлган журналистлар

Image caption 17А бўш кетди

Америка расмийлари Марказий Разведка Бошқармаси ва Миллий Хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими Эдвард Сноуденни АҚШга экстрадиция этилишини сўраб яна бир бор Россияга мурожаат қилганлар. Сешанба куни Россия Президенти Владимир Путин жаноб Сноуден ҳамон "Шереметьево" аэропортининг транзит қисмида қолаётганини тан олган.

Эдвард Сноуден Америка махсус хизматларининг телефон ва интернет ширкатлари мижозларининг шахсий маълумотларини йиғиш бўйича дастурини ошкор қилган.

Сноуден Москвага якшанба куни учиб келганди. Эквадор расмийлари якшанба оқшомида унга сиёсий бошпана берилганини маълум қилишди.

Душанба куни у Москвада Кубага, сўнгра у ердан Венесуэла ва Эквадорга учиши кутилганди, бироқ унинг учун чипта олинган учоқда Сноуден бўлмаган.

Унга ҳамроҳ бўлишга интилган Би-би-сининг Москвадаги мухбири Даниел Сандфорд ўзининг уммон узра беҳуда учганини ҳикоя қилади.

Тутқич бермас Сноуден изидан қувиб

Халқаро мухбир турмуши ҳақида кўп нарса билмаган одам учун бизнинг ҳаётимиз ўта жозибали туюлиши мумкин.

Лекин самолётнинг эконом-классидаги тор курсида узоқ вақт учиш ва тўйиб ухламасликни жозиба деб тасвирлаш қийин.

Эдвард Сноуден АҚШнинг эски душмани - Россияга келиб охирги вақтдаги энг мароқли жосуслик ҳикояларидан бирини янада қизитмоқчи экани борасидаги янгилик тинчгина ўтаётган якшанба кунида пайдо бўлди.

Туш вақти Москвада ишлаётган барча халқаро журналистлар "Шереметьево" аэропортига йиғилиб улгуришганди. "Аэрофлот" ходимлари Сноуден ҳақиқатдан ҳам Гонконгдан Москвага учиб келганини тасдиқлашди.

Хуллас, биз умидларга тўлиб, F Терминалига йиғилдик. Кўтаринки руҳ ҳеч кимда сезилмасди. Ҳаммамиз Сноуден Москвага фақат бир қўниб ўтади деган фикрда эдик. У ахир "АҚШ сирларини Россияга сотди", деган айблов нишони бўлишни истамас!

Беҳуда уринишлар

Кечқурун аэропортда Эквадор элчиси пайдо бўлди ва биздан "Эдвард Сноуден қаерда экан?" деб сўради. Биз жиғимиз чиқиб: "Биз буни сиз биласиз деб ўйлагандик", дедик.

Кейин куннинг қолган қисмини меҳмонхонадан меҳмонхонага югуриб, АҚШ бутун вужуди билан қўлга киритишни истаётган бу одамни ҳеч ким кўрмадими, деб сўрардик.

Лекин, тиришишларимиз беҳуда бўлди.

Кечроқ эса Сноуден Эквадордан сиёсий бошпана сўрагани маълум бўлди. Бизга яна "Аэрофлот" ходимлари ёрдам беришди - улар Сноуден душанба куни Гаванага учиши, кейин у ердан Венесуэлага парвоз қилишини айтишди. Венесуэладан Эквадоргача эса бир қадам.

Энг руҳи тушиб кетган Москвадаги журналистлар эртаси тонгда яна аэропортга йиғилдилар. Агар кимдир жаҳон бўйлаб кеза туриб, матбуот назаридан қочмоқчи бўлган бўлса, унинг унинг учун самолёт салони яхши жой бўлмайди.

Шундай экан, журналист биродарларимиздан йигирматамиз дарҳол Гаванага чипта олдик. Чунки бу Сноуден билан мулоқот қилишнинг ягона йўли эди.

Баъзи сураткашлар ҳатто бизнес-классга чипта сотиб олишган. Афсуски, каминаю камтарин учоқнинг энг охиридаги ўринддиққа лойиқ топилди. Менга туалет ёнидаги жой тегди.

Россиялик журналистлар Кубагача учишди, қолганлар эса Куба визасига эга бўлмаганлари учун Венесуэлагача сафарларини давом эттирдилар.

Енгил тартибсизлик

Учоққа чиқиш залида бироз тартибсизлик юзага келаётганди. Россия полициячилари агар аэропортда сурат олсак, камераларимизни тортиб олиш билан таҳдид қилишди. Уларга қулоқ тутмаслик аҳмоқона иш бўларди, чунки кўп нарсага пул тикилганди.

Шунинг учун тинчгина ўтириб кутдик, кейин учоққа чиқдик.

Регистрация даврида Сноуденнинг жойи эконом-классдаги 17А бўлишини билиб олгандик, шундай экан энг уддабурон журналистлар 17Ага энг яқин ўриндиқларни эгаллаб олишди.

Кутдик.

Яна уч йўловчи чиқиши кутилаётгани айтилди. Кейин билсак, бу визаси бўлмагани учун аввалроқ самолётдан туширилган уч журналист экан.

Яна кутдик.

Кейин эса учоқ эшиклари беркитилар экан, ҳаммамиз ғамга ботдик.

Учоқ бўйлаб югуриб Сноуденни излаш ҳаракатларимиз ҳам мева бермади. Сноуден ҳеч қаерда йўқ эди! Экипаждан "У қани?" деб сўраган саволимизга "У самолётда йўқ" деган жавоб олдик.

Қимматбаҳо маълумот

Журналистлар ўз муҳаррирларига яширинча SMS йўллашар экан, SU150 рейси ердан узилиб, бўш 17А билан Кубага томон учди.

Эдвард Сноуден ҳамон Россияда. Билишимизча, шундай. Уни ҳеч ким кўрмаган. Миш-мишларга кўра, кетишига рухсат беришлари учун у Россия манфаатдор бўлган маълумотни бериши керак. Америка кузатув дастурлари қандай ишлашини билган одам учун Россияга сотиши мумкин бўлган маълумот талайгина.

Биз эса Каракас аэропорти меҳмонхонасидан Венесуэланинг қашшоқ маҳаллаларига қараб ўтирибмиз. Агар Эдвард Сноуден яна пайдо бўлмаса, Москвага яна эконом-классда қайтамиз.