Шинжондаги зўравонликларда 27 киши қурбон бўлди

Image caption Охирги йилларда Шинжонда қатор этник зўравонликлар рўй бериб келмоқда.

Хитой давлат матбуотининг хабар беришича, мамлакат ғарбидаги Шинжон Мухтор вилоятида рўй берган ҳужум оқибатида 27 киши ҳалок бўлди.

"Синьхуа" хабар агентлигига кўра, ҳужумчилар полиция машиналарига ўт қўйиб, ҳукумат биноларига бостириб киришган.

Давлат матбуотида айтилишича, пичоқлар билан қуролланган ҳужумчилар полиция бўлинмалари, ҳукумат бинолари ва қурилиш майдонларига ҳужум қилишган.

Ушбу ҳужумлар оқибатида полиция ходимлари, қўриқчилар ва фуқаролар дохил 17 киши ўлдирилган.

Бу ҳужумларга жавобан полиция ўқ очган вақти 10 ҳужумчи ўлдирилган.

"Синьхуа" агентлигига кўра, ҳужумлар Шинжон пойтахти Урумчидан 200 км жануби-шарқда жойлашган шаҳарчалардан бирида эрта тонгда бошланган.

Агентлик ҳужумчиларнинг миллати ким эканлиги ёки ҳужумларга туртки берган сабаблар ҳақида бирон маълумот бермаган.

Ҳукуматнинг айтишича, полиция бинолардан бирини қурол-яроғ топиш мақсадида тафтиш қилаётган вақти "террористлар"га дуч келган.

Давлат матбуотида берилаётган бу хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Лекин маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг Би-би-сига айтишича, ушбу ҳодисалар эркаклари соқолларини олиб ташлаш ва аёллари ҳижобларини ечиш борасида анчадан бери расмийлар томонидан босим остида бўлиб келган оила атрофида бошланиб кетган.

Охирги йилларда Шинжонда қатор этник зўравонликлар рўй берди.

Шу йил апрел ойида ҳам этник тўқнашувлар оқибатида 20 киши ҳалок бўлгани хабар берилганди.

2009 йилги этник тўқнашувларда эса аксари хан хитойлар бўлган 200 киши ҳалок бўлганди.

Аксар уйғурларнинг айтишларича, расмийлар уларнинг маданияти ва этник ўзлигини бостиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Расмий Пекин эса бу каби ҳужумларда уйғур бўлгинчиларини айблаб келади.

Уйғур фаоллари Пекин ўзининг тазйиқкор сиёсатини бўлгичилар хавфини бўртириш билан оқламоқчи эканлигини айтадилар.

Шинжон аҳолиснинг 45 фоизини уйғурлар ташкил этади. Лекин охирги йилларда хан хитойларни вилоятга оммавий равишда кўчириб келиш ҳаракатлари кузатилган ва уйғурлар ўзларини камситилган, дея ҳис қила бошладилар.

Жаҳон Уйғурлар Конгресси Ижроия Қўмитаси Раиси Тўлқин Исонинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, бугунги ҳодиса тафсилотларини билиш ҳозирча имконсиз чунки Шинжон билан телефон ва Интернет алоқаси расмийлар томонидан чеклаб қўйилган.

"Лекин бу каби ҳодисаларни келтириб чиқараётган омиллар бу расмийларнинг уйғур миллатига мансубларнинг маданияти, сиёсий ва ижтимоий ҳаётига нисбатан тобора кўпроқ киритаётган чекловлари ва аралашувдир", деди Тўлқин Исо.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Жаҳон Хизматининг Хитой бўлими муҳаррири Ювен Вунинг айтишича, уйғурлар ўзларини камситилган сезаётган ягона гуруҳ эмас.

Хитойдаги йирик этник гуруҳлардан бўлган Тибетликлар ҳам ўзларини шундай ҳис қиладалар. Тибетликлар ўз норозиликларини охирги вақтларда ўз-ўзларига ўт қўйиш билан намойиш қилмоқдалар.

Ювен Вуга кўра, Хитой расмийлари этник гуруҳларга нисбатан сиёсатлари ҳамиша "аҳил ва тинч-тотувликда" яшашга асосланганлигини айтадилар.

Пекин охирги йилларда Шинжонга ҳам, Тибетга ҳам кўплаб маблағ ажратиб, иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.

Лекин маҳаллий аҳоли бу ҳаракатларни ёрдам сифатида эмас, уларнинг ҳаёт тарзларини ўзгартириш ва аралашиш, бу лойиҳалар ортидан кўплаб хан хитойларини минтақага олиб келиш уруниши сифатида кўрмоқдалар. Натижада улар ўзларини камситилган ва тазйиқ остида ҳис қилмоқдалар.

Бу мавзуда батафсилроқ