Сноуден масаласини ҳал қилиш учун ойлар керак бўлади

Image caption Эквадор ҳукумати Сноуденнинг сиёсий бошпана сўровини ҳали ўрганаётганини айтган.

Эквадор ҳукумати АҚШнинг божхона имтиёзлари ҳақидаги гапларини МРБ собиқ ходими Эдвард Сноуден билан боғлиқ масалада "шантаж воситаси"деб атаган.

Шу билан бирга Эквадор расмийси Сноуденга қочқинлик мақоми ва ҳужжат берилгани ҳақида тарқалган хабарларни инкор қилган.

Олдинроқ, АҚШ сенатининг халқаро муносабатлар бўйича қўмита раиси Роберт Менендес Эквадор Сноуденга бошпана берса, мамлакатга иқтисодий санкциялар киритилиши билан таҳдид қилган, шунингдек, Америка бозорида Эквадор маҳсулотлари учун берилган имтиёзларни бекор қилинишига эришилишини айтганди.

"Сноуденга Эквадор ҳудудига киришга рухсат берамизми? Бу масала ҳозир кўриб чиқилмоқда. Балки беришимиз мумкин. Лекин ҳозир у Россияда турибди",- деган Эквадор Президенти Рафаэл Корреа.

Жаноб Корреа Сноуден билан боғлиқ вазият "мураккаб" эканлигини айтиб, унга қочқинлик мақоми бериш учун Сноуден Эквадор ичида ёки мамлакатнинг бирор бир давлатдаги элчилиги ҳудудида бўлиши лозим.

Эдвард Сноуден АҚШдан қочгач, Гонконгдан Москвага учиб келган. Америкада у айғоқчилик ва давлат сирларини сотганликда айбланмоқда.

Сноуден Викиликс сайти вакили ҳамкорлигида учинчи давлатга бориши айтилган, бундай давлатлар сифатида Исландия, Венесуэла ва Эквадор келтирилган эди.

Айни пайтда Америка Жосуслик хизмати собиқ таҳлилчисининг аниқ манзили маълум эмас.

Россия Президенти Путин уни Шереметьево аэропортининг транзит зонасида эканини тасдиқлаган. Лекин уни Гонконгдан учиб келганидан буён ҳеч ким кўрмаган.

Якшанба куни Эквадор ҳукумати Сноуден қочқинлик сўраб мурожаат қилганини билдирди. Сўнгра бу масалани кўриб чиқиб, ҳал қилиш учун ҳафта ва ойлар керак бўлиши айтилди.

Бу мавзуда батафсилроқ