"Хитойда уйғурлар ўзларини камситилган сезаётган ягона гуруҳ эмас"

Image caption Хитой ҳукумати Шинжон ва Тибетдаги ҳар қандай норозиликни шафқатсизлик билан бостириб келаяпти.

Хитой давлат матбуотининг хабар беришича, мамлакат ғарбида жойлашган Шинжон мухтор минтақасида 100 нафардан ошиқ пичоқли инсон мотоциклларда полиция бўлинмасига ҳужум қилган.

Ҳўтан шаҳрида юз берган ҳодиса тафсилоти ҳозирча маълум эмас.

Шу ҳафта бошида Шинжон бўлгасининг бошқа бир минтақасида полиция бўлинмасига қилинган ҳужумда 35 инсон ҳалок бўлганди.

Кўплаб уйғурлар минтақанинг Хитой ҳукумати томонидан қаттиққўллик билан идора этилишидан дарғазаб эканини айтишади.

Би-би-си Жаҳон Хизматининг Хитой бўлими муҳаррири Ювен Вунинг айтишича, уйғурлар ўзларини камситилган сезаётган ягона гуруҳ эмас.

Хитойдаги йирик этник гуруҳлардан бўлган тибетликлар ҳам ўзларини шундай ҳис қиладалар.

Тибетликлар ўз норозиликларини охирги вақтларда ўз-ўзларига ўт қўйиш билан намойиш қилмоқдалар.

Ювен Вуга кўра, Хитой расмийлари этник гуруҳларга нисбатан сиёсатлари ҳамиша "аҳил ва тинч-тотувликда" яшашга асосланганлигини айтадилар.

Ювен Ву: Уйғурлардан ташқари бизда тибетликлар ҳам бор. Этник озчилик ҳисоблансада, тибетликлар сони жуда катта. Кўплаб тибетликлар ҳам уйғурлар сингари ўзларини камситилаётгандек, маданиятларига эътибор қаратилмаётгандек ҳис қилишади. Устига-устак улар Далай Ламани ўз раҳбарлари деб ҳисоблашади. Бу қонунан тақиқланган. Ўтган йилларда тибетликлар орасида ўзига ўт қўйиш ҳоллари кўпайди. Нима учун бундай қилишаяпти? Ҳуқуқбонлар ва Хитойдан ташқарида яшовчилар тибетликлар чорасизликдан ўз жонларига қасд қилишади, дейишлари мумкин. Аммо, Хитой ҳукумати бу этник гуруҳларга нисбатан "тинч, тотувликда яшаш" ва уларни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш сиёсатини олиб бораётганини айтади. Марказий ҳокимият Шинжон ва Тибетга катта сармоялар киритди. Пекиндан Тибет маркази Ласага борувчи тез юрар поезд йўли қўрди. Шу тариқа туризм ривожланмоқда. Лекин, Тибетликларнинг аксари Хитой ҳукуматидан рози, деб бўлмайди.

Би-би-си: Лекин биз билан гаплашган уйғурлар Хитой ҳукумати сиёсати сиз айтгандек тинч-тотувликда яшашга асосланмаганлигини айтишади. Мисол учун, марказий ҳукумат диндор эркакларнинг соқол қўйишлари, аёлларнинг ҳижоб ўрашларига қаршилик қиларкан. Сиз ҳукумат сўзда бир амалда бошқа сиёсатни қўллаяпти, деб айта оласизми?

Ювен Ву:Ҳа, худди шундай албатта. Бу ким билан гаплашишингизга боғлиқ. Хитой ҳукумати доимо "биз миллий озчиликларнинг эътиқодлари ва маданиятларини ҳурмат қиламиз. Уларнинг очиқча ибодат қилишларига тўсқинлик қилмаймиз," - дейди. Лекин ерлик аҳоли билан гаплашсангиз улар бу сўзларга умуман қўшилишмайди. Уларга кўра, ҳукумат уларнинг эркин ибодат қилишларига тўсқинлик қилади, баъзи ҳолларда эса умуман рухсат бермайди. Уйғурлар бундай сиёсатдан кескин норози. Улар Хитой сармояси минтақани ривожлантириш учун эмас, балки кам сонли миллатларни йўқ қилиб юборишга қаратилганини айтишади. Этник озчиликларга нима яхшию нима ёмон деган масалада доимо келишмовчилик бор.

Би-би-си: Шундай экан, нима учун Хитой ҳукумати сўзда бир амалда бошқача сиёсат юритади, деб ўйлайсиз?

Ювен Ву:Менимча, бунинг замирида Хитой марказий ҳукуматининг бўлгинчлик ҳаракатидан бўлган қўрқуви ётади. Расмий Пекин Шинжондаги кўплаб уйғурлар ўзларини Хитойга таалуқли деб билмаслигини жуда яхши тушунади. Шунинг учун Шинжон ва Тибетдаги ҳар қандай норозиликни шафқатсизлик билан бостириб келаяпти.

Бу мавзуда батафсилроқ