АҚШ фуқароларидан Мисрга саёҳат қилмасликни сўради

Қўшма Штатлар жума кунги зўравонликлар билан кечган намойишлар пайти бир фуқароси ҳалок бўлиши орқасидан америкаликлардан Мисрга келмасликни тавсия қилган ва вазифаси жуда муҳим ҳисобланмаган дипломатларни у ердан чиқиб кетишга буйруқ берган.

Америка Давлат департаменти Мисрда қолган бошқа фуқароларини эҳтиёт чораларига риоя қилишларини сўраяпти.

Кеча Президент Мурсий тарафдорлари ва мухолифлари ўртасидаги тўқнашувларда уч инсон, жумладан бир америкалик талаба ҳалок бўлган.

Тахминларга кўра, америкалик йигит тартибсизликларни қўл телефонига акс эттирмоқчи бўлган пайт пичоқланган.

Тўқнашув "Мусулмон Биродарлар" қароргоҳи олдида содир бўлган, ўнлаб инсонлар яраланган.

Аксилҳукумат ҳаракати қатнашчилари "Мусулмон Биродарлар" биносини ўраб олиб, унга ўт қўйганлар.

Порт Саидда ҳам оломон орасида портловчи восита ишга солингач, бир инсон ўлгани айтилади.

Хабарларга кўра, ҳукумат исломийлар ва мухолифатчилар тўқнашувини бостириш учун махсус хизмат кучлари ва тикучарларни жалб қилган.

Мухолифат коалицияси Мурсийнинг музокараларга чақириғини рад қилишган. Уларнинг фикрича, Мурсийнинг ҳокимиятдалиги ноқонуний ва улар муддатидан олдин президентлик сайловлар ўтказилишига эришмоқчилар.

"Биз миллионлаб мисрликларнинг 25 январ инқилобидан кутган умидлари ҳаққи тинч намойишга чиқишларини сўраймиз", дейилади мухолифат мурожаатида.

Жаноб Мурсий ўзининг чиқишида баъзи масалаларда хатога йўл қўйганини тан олган ва уларни тузатиш учун ислоҳотлар ўтказишга ваъда берган.

Миср Президенти шунингдек жамиятда ажралиш Мисрни фалажлаб қўйишидан хавотирини билдирган ва оммавий ахборот воситаларини сўз эркинлигини суистеъмол қилмасликка чақирган.

"Мен мамлакатдаги коррупцияга қарши курашда масъулиятни ўз зиммамга олдим, лекин менга қарши кампанияга дуч келдим",-деган Муҳаммад Мурсий йиғилганларга.

"Миср душманлари мамлакатдаги демократияни йўқотиш учун ўз кучларини аямайдилар", деб огоҳлантирган у.

Ҳукумат тартибсизликларни оловлантирганликда айблаб, журналист Тавфиқ Окашани ҳибсга олишга буйруқ бергач, "Миср бугун" дастурининг бошловчиси пайшанба куни жонли эфирни тўсатдан тўхтатишига тўғри келган.

30 июнда Муҳаммад Мурсий сиёсатига қарши намойишлар кутилар экан, Мисрда вазият тобора таранглашиб бораётгани кузатилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ