'Америка Оврўпо Иттифоқининг телефонларини яширинча эшитган'

Москва аэропорти Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эдвард Сноуден Москва аэропортида деб ишонилади.

Олмониянинг Der Spiegel журнали ёзишича, АҚШ ҳукумати Оврўпо Иттифоқининг Вашингтондаги идоралари телефон сўзлашувларини яширинча тинглагани ва БМТ тармоқларини кузатиб боргани ҳақидаги ҳужжатларни кўрган.

Der Spiegel га кўра, бу ҳужжатларнинг манбаси Америка истиҳборот хизматларининг собиқ ходим Эдвард Сноудендир.

Олмония нашри даъво қилишича, АҚШ расмийлари оврўполик ҳамкасбларининг Вашингтондаги идораларига телефон сўзлашувларини яширинча эшитиш имконини берадиган мосламаларни ўрнатганлар.

Шунингдек, Брюсселдаги телефон сўзлашувлари ҳам кузатиб борилган.

Der Spiegel ёзишича 2010 йил сентябри санаси қўйилган ўта махфий ҳужжатни кўрган.

Бу ҳужжатга кўра, АҚШ Миллий Хавфсизлик агентлиги Оврўпо Иттифоқининг вазирлари учрашадиган хоналарга эшитувчи мосламаларни ўрнатган ва Оврўпо Иттифоқининг Вашингтондаги ва БМТнинг ички компютер тармоқларига кирилган.

Бу хабарга Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари ғаазабнок муносабат билдирганлар.

Оврўпо парламенти раиси Мартин Шулц агар бу хабар чин бўлиб чиқса, Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги муносабатларга "оғир таъсир кўрсатиши" мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

"Мен Оврўпо парламенти номидан тўла изоҳ талаб қиламан ва АҚШ ҳукумати томонидан бу борада батафсил ахборот тезроқ тақдим этилишига ҳаракат қиламан", деб айтган Оврўпо парламенти раиси.

Ўта махфий маълумотларни ошкор қилган Эдвард Сноуденнинг ўзи яшириниб юришга мажбур бўлмоқда.

Унга АҚШ қидирув эълон қилган, Эдвард Сноуден бўйнига жосуслик айблови қўйилган.

У ҳозирги пайтда Москвадаги "Шереметьево" аэропортининг транзит залида деб ишонилади.

Эдвард Сноуденнинг Эквадорга етиб бормоқчи экани ҳақида хабар қилинган.

29 июн куни АҚШ Вице-президенти Жо Байден Эдвард Сноуден масаласини муҳокама қилиш учун Эквадор Президенти Рафаэл Корреага қўнғироқ қилган.

Жаноб Байден Эквадордан Эдвард Сноуденга бошпана бермасликни сўраган.

Жаноб Корреа Вашингтон нуқтаи назарини ҳурмат қилишини, бироқ Эдвард Сноуденнинг ўзи Эквадорга ёки Эквадорнинг бирор бир мамлакатдаги элчилигига етиб бормаган экан, унинг бошпана бериш сўровини кўриб чиқа олмаслигини айтган.

Ўзи АҚШда таҳсил олган Рафаэл Корреа АҚШ вице-президентига Эквадор Америкага қарши эмаслигини айтган.